“Тошкентда аниқ ва қатъий ҳокимият йўқ”. Лифтда вафот этган аёл хорижий нашрлар муҳокамасида
Таҳлил
−
01 Август 2023
16875Жорий йилнинг 28 июль куни Тошкент шаҳрида бедарак йўқолиб, қидирувга берилган 32 ёшли аёлнинг жасади Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг лифти ичидан топилганди. Ушбу воқеа бир неча кун давомида мамлакат оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилди. Ҳодисадан бир неча кун ўтиб, бир қатор хориж нашрлари ҳам почтачи аёлнинг фожиали ўлими ҳақида ёза бошлади.
Жумладан, Буюк Британиянинг “Daily Mail” нашри ҳодиса тафсилотлари ҳақида мақола эълон қилди. Унда Ольга Леонтьеванинг 24 июлда лифт ишламай қолиши оқибатида қамалиб қолгани ва уч кун давомида унга ҳеч ким ёрдамга келмагани айтилади. Хабарда аёл ўлимига сабаб бўлган лифт мунтазам равишда техник носозликларга дуч келиб тургани ва тегишли тарзда рўйхатдан ўтказилмагани таъкидланади. Нашр хабарида Ўзбекистон тергов идораларининг ҳодиса бўйича ҳисоботларини ҳам келтириб ўтилган ҳолда лифтнинг ишдан чиқишига электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлмагани ёзилади.
Буюк Британиянинг яна бир нашри “The Sun”да ҳам воқеа тафсилотлари баён этилган. Унда Хитойда ишлаб чиқарилган лифт аввалги техник текширувда носоз бўлмагани, аммо у тегишли тартибда рўйхатга олинмагани ёзилади. Хабарда, шунингдек, Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси матбуот котиби Фахриддин Нуралиевнинг лифт тўхтаб қолишига электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлмагани, буни тармоқдаги режали ўчириш қайдлари ҳам тасдиқлаши мумкинлиги ҳақидаги баёноти келтирилган.
Буюк Британиянинг “The Mirror” “Daily Star” нашрларида чиққан хабарларда ҳам юқоридаги маълумотлар такрорланган.
Грециянинг “Hellas Posts” нашрида ҳам ҳодиса ҳақида кичик хабар эълон қилинди.
Ольга Леонтьеванинг лифтда вафот этиши ҳақидаги хабар Россиянинг “Вести”, Қозоғистоннинг “Караван”, Украинанинг “Фокус”, Озарбайжоннинг “Media.az” каби нашрларида чиқди.
“Central Asia” ахборот порталида эса ҳолат бўйича танқидий мақола нашр этилди. Унда воқеа тафсилотлари буткул бошқача талқин этилади. Мақола муаллифининг ёзишича, аёл ҳатто фойдаланишга тўлиқ топширилмаган уйда, туманда содир бўлган яна бир авариядан сўнг электр ўчиши оқибатида тўхтаб қолган лифтда вафот этган.
“Буларнинг барчаси жуда табиий кўринади.Тошкентда аниқ ва қатъий ҳокимият йўқ. Шаҳар ва вилоят ҳокимлари қўлқопдек алмашиб бормоқда.Шаҳар янги бинолар, аҳолининг ўз ҳуқуқлари, пойтахт келажаги учун курашидан чангга ғарқ бўлмоқда. Кишида тўлиқ тартибсизлик ва масъулиятсизлик таассуротлари пайдо бўлади”, дейилади мақолада.
Таъкидланишича, Ольга Леонтьеванинг онаси 25 июль куни эрталаб қизини лифтлардан қидиришни сўраб, мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган. Аёл Ольганинг ўлимида бевосита унинг бошлиқлари жавобгарлигини таъкидлаган. Мақолада, шунингдек, Ҳудудий электр тармоқлари ва лифтёрлар ҳам фожиада айбли экани ёзилади.
“Олти ёшли Софияга онаси қайтиб келмаслиги ҳақида ҳали айтилмаган. Оила бой эмаслиги аниқ, уларда ҳатто смартфон ҳам йўқ. Ольгада фақат тугмачали телефон бор эди, у ҳам лифтда ишламаган”, деб ёзилади унда.
Эслатиб ўтамиз, аёлнинг ўлими юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15