Лифтдаги аёлнинг ўлими тафсилотлари
3-саҳифа
−
28 Июль 2023
17720Бир неча кундан бери бедарак йўқолгани учун қидирилаётган 32 ёшли аёл янги қурилган уйларнинг лифтидан жонсиз ҳолатда топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, аёл Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги 269-кўп қаватли уйнинг лифтига чиққан вақтида чироқ ўчиб лифт ичида қолиб кетган. QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.
Маълум бўлишича воқеа 24 июль куни содир бўлган. Вафот этган аёл почта хизматчиси бўлган. Бош прокуратуранинг маълум қилишича ҳозирги вақтда ҳолат тафсилотлари ўрганилмоқда. Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот котибининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаролар 3-4 кун давомида лифтдан фойдаланмаган.
“Аёл почта хизматида фаолият олиб борган. 24 июль, душанба куни Мирзо Улуғбек тумани санэпидқомга хат топширган. Кейин уни ҳеч ким кўрмаган. Айнан шу куни ҳамкасблари ва оила аъзолари уни қидириб, 102 рақамига қўнғироқ қилишган. 27 июль куни эса Паркент кўчаси 269-уйнинг лифтидан топилган. Масъулларнинг фикрича, 24-27 июль кунлари электр таъминотида узилишлар бўлмаган. Лекин бир неча марта лифт ишламай қолган. Аёл бу манзилда истиқомат қилмаган. У ўз иши юзасидан бу ерга келган. Фуқароларнинг айтишича 3-4 кун давомида лифтдан фойдаланишмаган”, дейди Маъмур Фармонов
Ҳолат содир бўлган подъездда бир нечта хонадон сотувга қўйилганига кўзимиз тушди. Одамлар яшаётган уйлар кўп эмаслигини билиш ҳам қийин эмас. 24 июль куни кўп қаватли уйда чироқ ўчганми, ҳақиқатдан ҳам лифтда доимий узилишлар кузатиладими, деган саволлар билан эшик қоқдик. Афсуски фуқаролар саволларимизга жавоб беришни исташмади. Ҳудудий электр тармоқлари расмийлари эса 23-24 июль кунлари айнан шу уй ҳудудида электр тармоғидан узилиш ҳолатлари кузатилмаганини айтмоқда.
“Маълум бўлишича 23-24 июль кунлари ҳудудда электр тармоғидан узилиш ҳолатлари кузатилмаган. Буни диспетчерлик хонасида мавжуд бўлган режали ўчишларни қайд этиш журналидан билиш мумкин. Бу ерда келиб фуқаролар билан гаплашганимизда ҳам бу ҳолат содир бўлган куни “свет” ўчмаганини тасдиқлашди. Қўни-қўшниларнинг таъкидлашича, лифтда доимий носозликлар кузатилган”, дейди Фахриддин Нуралиев.
Ўзини таништиришни истамаган бошқарув сервис компанияси ходимининг айтишича, содир бўлган ҳолатдан ҳамма қатори хабар топган. Ташкилотга лифт ишламагани ёки “свет” ўчгани ҳолати юзасидан ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган. Унинг қўшимча қилишича кўп қаватли уйни қурган МЧЖ масъуллари хизмат кўрсатиш ташкилотига тўлиқ ҳужжатлар тақдим этмагани сабабли тўлиқ хизмат кўрсатиш ишлари бошланмаган.
“Ёлғон гапирмайман. Мен ҳам 30 дақиқа аввал хабар топдим. Бошқарув сервис компаниясида 24 соат ишлайдиган навбатчилик қисми бор. Бизга чироқ ўчгани ёки лифт бузилгани билан боғлиқ ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган. 24 июль куни электр энергияси ўчирилганидан хабаримиз йўқ. Бизнинг компаниямиз бу уйга тўлиқ хизмат қилмайди. Бунинг асосий сабаби қурилиш компанияси барча ҳужжатларни бермагани билан боғлиқ”, дейди Бошқарув сервис компанияси ходими.
LiveБарчаси