“Вагнер” ёлланма аскарлар жалб қилишни тўхтатди. Россиядан “нажот” йўқми?
Олам
−
31 Июль 2023
7643“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси янги ёлланма аскарлар билан шартнома имзолашни номаълум муддатга тўхтатди. Бу ҳақда компания расмий саҳифаларидан бирида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳарбий компанияга янги кўнгиллиларни жалб қилишнинг вақтинча тўхтатилиши “катта кадрлар захирасининг мавжудлиги” билан изоҳланган.
“Вагнер”га алоқадорлиги айтиладиган “Grey Zone” Telegram-каналида Евгений Пригожиннинг ҳам бу бўйича изоҳи жойланган бўлиб, унда компания асосчиси ишга олиш марказларининг яна қачон очилиши маълум эмаслигини айтган.
Пригожиннинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда “Вагнер” Беларусь ва айрим Африка мамлакатларидаги тайёргарлик марказларида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
“Бугун биз ўзимизнинг навбатдаги вазифаларимизни белгиламоқдамиз, уларнинг контури тобора аниқ бўлиб бормоқда. Албатта, булар Россиянинг буюклиги учун амалга ошириладиган вазифалардир”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июнь кунги Евгений Пригожиннинг амалга ошмаган исёнидан сўнг “Вагнер” гуруҳи Беларусга кетиши белгиланган эди. Кейинроқ унинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши тақиқлангани маълум бўлди. Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги томонидан “Вагнер”га тақдим этилган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ҳам қайтариб олинди. Президент Владимир Путин эса ушбу хусусий армия юридик жиҳатдан мавжуд эмаслигини маълум қилди.