Пригожиннинг онаси ЕИ “қора рўйхати”дан чиқарилди
Олам
−
13 Сентябрь
3522Европа Иттифоқи “Вагнер” компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг онаси Виолетта Пригожина ва “Формула-1” пойгачиси, россиялик тадбиркор, “Уралкали” компанияси эгаси Дмитрий Мазепиннинг ўғли Никита Мазепинга нисбатан санкцияларни расман бекор қилди. Санкциялар рўйхатига тегишли ўзгартиришлар бугун, 13 сентябрь куни Европа Иттифоқи журналида эълон қилинди.
Улардан ташқари яна бир қанча россияликларга нисбатан уларнинг ўлими билан боғлиқ чекловлар олиб ташланди: 2023 йилнинг ноябрида вафот этган сенатор Владимир Лебедев, 2022 йил декабрида вафот этган “ДХР” деб номланган кенгаш аъзоси Мария Пирогова, 2023 йил октябрь ойида вафот этган актёр Михаил Голубович ва 2024 йил февраль ойида вафот этган генерал-полковник Валерий Востротин. 2024 йил баҳорида худди шу сабабга кўра, Европа Иттифоқи 2023 йил август ойида Пригожин билан авиаҳалокатда вафот этган “Вагнер” қўмондони Дмитрий Уткинни санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлади.
Шу билан бирга, “Яндекс” асосчиси Аркадий Волож ва “АФК Система”нинг собиқ вице-президенти Сергей Мндоянц санкциялардан озод этилди.
Пригожина ва кичик Мазепин Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг дарҳол Европа Иттифоқининг санкция рўйхатига киритилган, бу эса уларнинг Европа Иттифоқидаги активларини музлатиб қўйишга ва унинг ҳудудига киришни тақиқлашга олиб келган.
Уларга нисбатан санкциялар Европа Иттифоқининг Люксембургдаги суди томонидан бекор қилинди - Виолетта Пригожинага нисбатан суд бу қарорни 2023 йил март ойида, Никита Мазепинга нисбатан – шу йилнинг март ойида қабул қилган.
“Вагнер” асосчиси Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини бузадиган ҳаракатлар учун жавобгар бўлса ҳам, Пригожинанинг ўғли билан санкциялар пайтида ўрнатилган алоқаси "фақат оилавий муносабатларга асосланади ва бу уни баҳсли рўйхатларга киритишни асослаб бериш у етарли эмас”, дея таъкидлади Европа Иттифоқи Суди ўз қарорида.
Худди шундай қарор кичик Мазепинга нисбатан ҳам қабул қилинди. Унинг отаси билан оилавий алоқаси Никита Мазепинни умумий манфаатлар билан боғлиқ деб ҳисоблаш учун етарли асос эмас.
Пойга машинаси ҳайдовчисининг отасига нисбатан санкциялар кучда қолмоқда. 2023 йил ноябрида Европа Иттифоқи суди пойгачининг отаси Дмитрий Мазепинга нисбатан санкцияларни бекор қилишдан бош тортди. Суд, кенг кўламли урушнинг биринчи кунида Мазепин бошқа ишбилармонлар билан бирга Россия Президенти Владимир Путин ва Россия ҳукуматининг бошқа аъзолари билан учрашувда қатнашганини, унда Ғарб санкцияларининг Россия иқтисодиёти учун оқибатларини муҳокама қилганини эслатди.
“Мазепиннинг ушбу учрашувга таклиф қилингани у Путиннинг яқин доирасига кирганини ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши ёки амалга оширишини кўрсатади”, дейилади ҳужжатда.
Жорий йилнинг июль ойида тадбиркор яна Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилишига қарши чиқишга уринди, бироқ муваффақиятга эриша олмади.
LiveБарчаси