Вьетнам Президенти истеъфога чиқди
Олам
−
20 Март
7668Ҳукмрон Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси мамлакат Президенти Во Ван Тхионгнинг истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 20 март куни “Вьетнам овози” радиостанцияси хабар берди.
Шунингдек, у Сиёсий бюро аъзоси ва Коммунистик партия Марказий Қўмитасининг доимий аъзолигини ҳам тўхтатган. Энди президентнинг истеъфоси Вьетнам Миллий Ассамблеяси (бир палатали парламент) томонидан ҳам тасдиқланиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, 53 ёшли Во Ван Тхионг партия низомининг бир қанча бандларини бузган ва бунинг ортидан жамоатчиликнинг салбий реакциясига дучор бўлган. Оқибатда у истеъфога чиқиш тўғрисида ариза беришга қарор қилган. Бу Марказий Қўмитаси йиғилишида маъқулланган.
Маълумот учун, Вьетнам парламенти 2023 йил 2 мартда Во Ван Тхионгни Президент этиб тайинлаганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 20 март куни Ирландия Бош вазири Лео Эрик Варадкар ўз лавозими ва марказий консерватив "Фине Гэл" партияси раислигини тарк этган эди.