Вьетнамда ресторан портлаши оқибатида бино қулаб, 3 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
535 2 дақиқа
Бугун, 24 ноябрь куни Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрида жойлашган овқатланиш масканида газ портлаши юз бериб, бино қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 10 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда “VnExpress” хабар берди.
Маълум қилинишича, портлаш 24 ноябрь куни эрталаб соат 08:00 атрофида Донг Да туманидаги Нгуен Ван Тует кўчасида жойлашган, очилишга тайёрланаётган хитойча қозонда таом тайёрланадиган ресторанда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш рестораннинг газ плитаси жойлашган ҳудудда юз берган. Кучли портлашдан сўнг тахминан 60 квадрат метр майдонга эга бир қаватли бино бутунлай қулаб тушган.
Портлаш кучи шунчалик юқори бўлганки, ресторандан 10 метрдан узоқ масофага вайроналар учиб кетган. Кўчанинг қарама-қарши томонидаги овқатланиш маскани ҳам зарар кўрган. Шунингдек, ҳодиса атрофидаги 10 га яқин уй ва дўконларнинг эшиклари, деразалари ҳамда том қисмлари шикастланган.
Ханой полициясининг маълум қилишича, дастлабки текширувларда портлашга газ сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш оқибатида икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бир киши эса Донг Да умумий шифохонасида вафот этган. Ҳалок бўлганлар орасида ресторан эгаси бўлган аёл ҳам бор.
Жароҳатланганлар Донг Да, Сент-Пол, Ханой тиббиёт университети ва Вьет-Дук шифохоналарига етказилган. Улардан айримларининг аҳволи оғир бўлгани сабабли бошқа шифохоналарга ўтказилган. Бир нафар беморда бош мия жароҳати аниқланган.
Портлаш вақтида ресторанда жорий йилнинг 26 ноябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган очилиш маросимига тайёргарлик кетаётган бўлган. Шу сабабли бино ичида яна одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Қутқарувчилар махсус қурилмалар, гидравлик ускуналар ва хизмат итлари ёрдамида вайроналар остидан одамларни қидирмоқда.
Ҳодиса оқибатида яқин атрофдаги уч қаватли E4 турар жой биносига ҳам зарар етган. Айрим уйларнинг деворлари ёрилган, ойналари синган ва томлари қулаб тушган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан атрофдаги уйлар аҳолиси вақтинча бошқа жойга кўчирилмоқда.
Ханой раҳбарияти воқеа жойида қутқарув ишларини ташкил этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва портлаш сабабларини аниқлаш бўйича топшириқлар берган. Шаҳар ҳокими Ву Дай Тханг хавфли ҳудуддаги аҳолини кўчириш ва уларни вақтинча турар жой билан таъминлаш чораларини кўришни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Измир вилояти Алиаға туманидаги металлургия заводида портлаш юз бериб, 17 киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси