Корея таълим вазири имтиҳондаги можаро ортидан истеъфога чиқди

Олам

−

13:37 visibility185 timer2 дақиқа

image

Бугун, 22 ноябрь куни Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён Таълим вазири Чхве Гё Чжиннинг истеъфосини қабул қилди. Бунга расмийлар давлат битирув имтиҳонлари тизимини сунъий интеллект (СИ) ёрдамида кўчириш эҳтимолига ўз вақтида тайёрлай олмаганидан жамоатчилик норозилиги сабаб бўлди. Бу ҳақда республика раҳбари маъмурияти хабар берди. 

“Президент Ли Чжэ Мёнга Таълим вазири Чхве Гё Чжин истеъфога чиқиш истагини билдиргани ҳақида ахборот берилди ва Президент уни қабул қилди. Шундан сўнг, Таълим вазири лавозимига номзодларни танлаш жараёни бошланади”, дейилади хабарда. 

Шу билан бирга, Президент Бош вазир Хан Сон Сукка имтиҳонларда адолатли баҳолашни кафолатлайдиган чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширган.

Аввалроқ, Таълим вазири Чхве Гё Чжин ўз баёнотида расмийлар имтиҳонда сунъий интеллектдан фойдаланиш эҳтимолига олдиндан тайёргарлик кўра олмаганини, имтиҳон тартибига сўнгги дақиқаларда киритилган ўзгаришлар эса ноқулайлик ва чалкашликлар келтириб чиқарган бўлиши мумкинлигини тан олган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 19 ноябрь куни Корея Республикасида мактаб битирувчилари учун ягона давлат имтиҳони бўлиб ўтди. Бу йил мамлакат жамоатчилиги тест синовлари вақтида сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш эҳтимоли ва бундай фирибгарликларнинг олдини олиш чоралари етарли эмаслигидан хавотирга тушган эди. 15 ноябрь куни солиқ маслаҳатчилари учун ўтказилган аттестация имтиҳонида энг юқори натижа кўрсатган иштирокчи митти камера ва сунъий интеллектдан фойдаланганини тан олган.

Корея Республикаси ҳукумати имтиҳонда сунъий интеллект ёрдамида қаллоблик қилиш эҳтимолига қарши курашиш чораларини кўрди. Ташкилотчилар “ақлли” кўзойнаклар ва митти фотокамералардан фойдаланиш имкониятини истисно қилиш мақсадида ўқувчиларнинг кўзойнакларини текширди ҳамда кийимларидаги тугмаларни елимлаб қўйди. Аудиторияга смартфон олиб кирганларни аниқлаш мақсадида расмийлар одатда йирик табиий офатлар вақтида юбориладиган мобил телефонларга оммавий хабарнома жўнатиш усулидан фойдаланди. Агар телефон ёқилган бўлса, овозли огоҳлантириш ҳатто овозсиз режимда ҳам ишлаб кетади.

Учта ана шундай оммавий хабарнома ёрдамида 54 нафар қоидабузарни аниқлашга муваффақ бўлинди. Расмийлар электрон қурилмалар ёрдамида кўчиришга қилинган жами 111 та уриниш ҳақида маълум қилди. 2025 йилда бундай ҳолатлар 98 тани ташкил этган. 2026 йилги имтиҳонни қарийб 500 минг нафар ўсмир топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда ушбу имтиҳонлар ўтказилиши муносабати билан жорий йилнинг 19 ноябрь куни самолётларнинг барча учиш ва қўнишлари вақтинча тўхтатилиши, шунингдек, фонд бозори очилиши кечиктирилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг