Ўзига келган Навальний Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига талаб қўйди

Жамият 9876
image

Россиялик мухолиф сиёсатчи, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний танасида асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда топилганини маълум қилди. Шу сабабдан мухолифатчи Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан ўзини Германияга жўнатиш вақтида олиб қолинган кийимларини қайтаришни талаб қилди.

Навальнийнинг сўзларига кўра, унинг барча кийимлари 22 август куни Германияга жўнатилаётганда ечиб олинган. У ўтган 30 кунда ушбу муҳим далилни яшириш учун “терговга қадар суриштирув” ўтказилганини таъкидлаган.

“Танамда “Новичок” топилганини ҳисобга олсак, заҳарлаш учун восита менинг кийимларим бўлган – муҳим буюм. Қонунга кўра ўтказилган 30 кунлик терговга қадар текширув муддати тугади. Мен кийимларимни тартиб билан елим пакетга ўраб, қайтаришлигини талаб қиламан”, дейди Навальний.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш 19 сентябрь куни мухолифатчи Томскда қолган меҳмонхона номерида заҳар излари аниқланганини маълум қилганди.

Алексей Навальнийга нима бўлди?

Мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний жорий йилнинг 20 август куни самолётда Томскдан Москвага кетаётганда тоби қочиб, Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унга нима бўлгани номаълум бўлиб турган вақтда, сиёсатчининг тарафдорлари Навальний заҳарланганини иддао қилди.

Улар Навальнийни Германия олиб кетиш ҳаракатига тушганда Омскдаги шифокорлар бунга рухсат бермади. Орадан икки кун ўтиб эса, Навальнийни исталган шифохонага кўчириш мумкинлигини айтишди ва сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Бу ҳол ҳам мухолифатчи тарафдорларида шубҳа уйғотди ва ишга Кремль аралашгани гумон қилинди.

Германияда текширувдан ўтказилгач, у заҳарлангани маълум бўлди. ГФР Ҳукумати сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркель Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россиядан ҳисоб сўради. Унинг талабини Франция, Буюк Британия ва АҚШ ҳам қўллади. Европа парламенти эса Навальний билан юз берган ҳолат бўйича санкциялар жорий қилиш ҳақида резолюцияни тасдиқлади.

14 сентябрь куни Навальний ўзига келди ва сунъий нафа олдириш аппаратидан узилди. Эртаси куни у заҳарланганидан кейинги илк суратини ижтимоий тармоққа жойлади.

Аҳамиятли томони, “The New York Times” газетасининг ГФР хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Навальний Германияда қолмоқчи эмас. У соғайгач, Россияга қайтиб, ўз миссиясини давом эттириш ниятида. 

Немис нашрлари Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия разведкаси борлигини ёзмоқда. Шунингдек, “Reuters” агентлиги Навальнийнинг Омскдаги шифохонадан кетиши бевосита Кремль рухсат берганини маълум қилди. Агентлик Омскдаги шифохонага яқин манба билан суҳбатлашган. У шифокорларга тўғридан-тўғри Кремлдан қўнғироқ бўлганини айтган.

Навальнийнинг сафдошлари эса Томскда у қолган меҳмонхона хонасидан “Новичок”нинг изи бор сув идиши топган. Заҳарни Германия мутахассислари аниқлаган.

Бу орада Россия Навальний билан боғлиқ барча айбловларни рад қиляпти. Кремлдагилар унинг заҳарланганини ҳам ёлғон деб аташмоқда. Аксинча, РФ Ғарб давлатлари ва НАТО “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли моддани тайёрлашга муваффақ бўлган деб, уларни айблади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 269
Рейтинг: 3
t
×