Ўзбекистоннинг барча ҳудудида коронавирусга чалинганлар аниқланди
Жамият
−
07 Апрель 2020
35515Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида коронавирусга чалинган беморлар аниқланган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клинкасида даволанаётган 92 беморнинг 23 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.
Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 66 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафариники эса ўта оғир.
Коронавирусга чалинган беморлар Тошкент шаҳридан ташқари яна 8 та вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида даволанаётгани тўғрисида маълумот берган эдик. Бу беморлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда доимий яшайдиган фуқаролардир. Улар қайси чартер рейс билан қаерга олиб келинган бўлса, айнан шу ерда тиббий кузатувга олинган, беморлар эса тегишли тиббий муолажаларни оляпти.
Бирон бир ҳудуд фуқаролари бизда касаллик чиқмади, деган фикр қилиши керак эмас. Касалликка чалинганлар республикамизнинг барча ҳудудларидан аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир ҳудудга касаллик кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 472 нафарга етди. Уларнинг 30 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь