Ўзбекистонни зимистонда қолдирган блэкаутнинг сабаби маълум қилинди
Жамият
−
16 Март 2022
27876Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энерготизимида юз берган аварияга Ўзбекистон энергетика тизимида электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлган. “Энергиа” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик марказининг уч давлат энергия тизимлари операторлари вакиллари ҳам кирган махсус комиссия ўтказилган текширув натижасида шундай хулосага келган.
Комиссия аварияга Ўзбекистон энергетика тизимидаги узилиш сабаб бўлганини аниқлаган. Қайд этилишича, 25 январь куни Нур-Султон вақти билан соат 11:59 да “Сирдарё” ИЭСни 500 кВ кучланишли “Тошкент” подстанцияси билан боғловчи тугунда (ячейкада) қисқа туташув содир бўлган.
Қисқа туташув натижасида 1 ва 2-500 кВ шина тизимларининг дифференциал ҳимоясининг ҳаддан ташқари ишлаши “Сирдарё” ИЭСда ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада қисқаришига, электр станциясига туташган электр тармоғида бир неча марта узилишларга сабаб бўлган ва Қозоғистон Ягона электроэнергия тизимининг 500 кВ Шимолий-Шарқий-Жанубий транзитлари учун 2100 МВт қўшимча босиб юзага келтирган. Бу эса белгиланган меъёрдан 7 баравар кўп.
“KEGOC” AЖ электр тармоқлари ва Қозоғистон жанубидаги электр станцияларининг авария автоматлари тизимдаги авария ҳолатларида энергия тизимини ажратиш талабларини инобатга олган ҳолда нормал режимда ишлаган. Шунинг шарофати билан Қозоғистоннинг жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг таъминотдан тўлиқ узилишининг олдини олишга муваффақ бўлинган. Блэкаут вақтида мамлакат жанубидаги истеъмолчиларнинг қарийб 60 фоизи электр энергияси билан таъминланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари тўлиқ қувватсизлантирилган.
KEGOC’нинг таъкидлашича, Қозоғистонда авария оқибатларини бартараф этиш учун 4 соат вақт кетган. Ўзбекистонда эса блэкаут оқибатлари 27 январь куни тўлиқ бартараф этилгани эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.