Ўзбекистонлик таэквондочи Универсиада совриндори бўлди
Спорт
−
03 Август 2023
2544Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчиларидан бири Светлана Осипова Бутунжаҳон ёзги Универcиада ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу мусобақада -73 кг вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистонлик спортчи муросасиз кечган ярим финал баҳсида хитойлик Зетси Чжоуга имкониятни бой бериб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган.
Шундай қилиб, Универсиадада Ўзбекистон делегациясининг умумий медаллари сони 11 тага етди. Ҳозирча жамоа ҳисобида 7 та кумуш ва 4 та бронза медали мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 2 август кунги беллашувларда 3 нафар Ўзбекистон вакили совриндор бўлгани хабар қилинганди. Жумладан, таэквондочилардан Феруза Содиқова кумуш, Нажмиддин Қосимхожиев бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, ушу баҳсларида омадини синаб кўрган Азизбек Исроилов ҳам шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олди.