Ўзбекистонга ёпирилган чанг бўрони саломатлик учун қанчалик хавфли?

Жамият

image

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Биоорганик кимё институти олимлари Тошкент тарқалган чанг бўронидан кейин чўккан чанг таркиби ўрганиб чиқди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Чанг таҳлили учун намуналар пойтахтнинг Олмазор тумани “Беруний” метро бекати ва Мирзо Улуғбек туманининг “Академ шаҳарчаси” худудидан олинган. Чанг таркиби SmartSEM дастурий таъминоти ёрдамида 100 мкм дан 1 мкм гача бўлган турли масштабларда олинди.

Қайд этилишича, намуналар SEM - EVO MA 10 (Zeiss, Германия), Panalytical Empyrean рентген дифрактометри, Agilent 7890B газ хроматографи каби қурилмаларда таҳлил қилинди. Ускуналар иши Data Collector дастури ёрдамида назорат қилинди.

Тадқиқот натижасига кўра, чанг ҳажми 5 микронгача бўлиб, бу катталикдаги чанг зарралари анча зарарсиздир.

“2021 йил 5 ноябрдаги чанг намуналари 42 турдаги пестицидларга газ хроматографияси ёрдамида таҳлил қилинганда намуналарда пестицидлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Таҳлил маълумотлари чанг таркибида туз ҳам меъёрда эканлигини кўрсатди. Чанг намуналарида рН ўлчови чанг эриганида ишқорий хусусиятларини кўрсатди.

Намуналар таҳлили улар табиатига кўра стандарт чанг эканлигини кўрсатди. Чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмас”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди.

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

“Ўзгидромет” кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

чанг

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг