Ўзбекистондан кейин Озарбайжон маҳсулотлари ҳам Россияда тақиққа учради
Олам
−
09 Декабрь 2020
5809Россиянинг Ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб Озарбайжонда етиштирилган помидор ва олмани мамлакатга киритишни тақиқлади.
“Россельхознадзор Озарбайжон Республикасининг Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлигини Россия Федерациясига етказилаётган маҳсулотларда тизимли равишда ЕОИИга аъзо давлатлар учун карантин объекти ҳисобланган нарсалар аниқланаётгани ҳақида бир неча марта огоҳлантирган”, дейилади ташкилот хабарида.
Таъкидланишича, 2020 йил 22 октябрдан бугунгача 17 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотида (олма ва помидор) Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудида карантин объекти ҳисобланган жанубий америка помидор куяси (Tuta absoluta) ва шарқ зараркунандаси (Grapholita molesta (Busck)) аниқланган.
Россельхознадзор фитосанитар фаровонликни сақлаб қолиш, юқорида кўрсатилган зараркунандаларнинг РФ ҳудудига кириши ва тарқалишига йўл қўймаслик учун 10 декабрдан Озарбайжондан помидор ва олма олиб киришни тақиқлаган.
Бундан ташқари, федерал хизмат томонидан Арманистоннинг Армавир вилоятидан помидор ва қалампир импорт қилиш ҳам тақиқланди.
Таъкидлаш керакки, охирги вақтларда Россельхознадзор фаол равишда яқин қўшни давлатлардан маҳсулотлар киритишни тақиқлаяпти. Бундан аввал Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча турдаги ўсимлик маҳсулотларини, Қашқадарёдан эса помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаганди.
LiveБарчаси