Ўзбекистондаги 1,5 минг маҳаллага ҳали ичимлик суви етиб бормаган
Жамият
−
26 Январь 2023
3398Ўзбекистондаги 9314 та маҳалладан 1545 тасига ичимлик суви етиб бормаган. 3944 та маҳалла эса фақат қисман ичимлик суви билан таъминланган. Бу ҳақда 26 январь куни “Ўзсувтаъминот” АЖ раиси ўринбосари Хуршид Рахматуллаев АОКАда ўтказилган матбуот анжумани давомида маълум қилди.
Унинг айтишича, 2023 йилда 1,1 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади. Шунингдек, истеъмолчилар базасида абонентларнинг сони 4,4 миллионтадан 4,6 миллионтага етказиб, 202 минг истеъмолчига оширилади.
“Сув ҳисоблагичлари мавжуд истеъмолчилар 2,83 миллионтадан 3,2 миллионтага оширилиб, сув ҳисоблагичлари билан таъминланганлик даражаси 70 фоизга етказилади. “Ўзсувтаъминот” АЖ тасарруфидаги корхонларда жами 628 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган”, деди Рахматуллаев.
Ажабланарлиси, 2022 йилда барча дастурлар доирасида 3,3 триллион сўм бюджет маблағлари ва халқаро молия институтларининг 185,5 миллион доллар маблағлари ўзлаштирилиб, республика аҳолисини сув билан таъминлашга сарфланган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ раиси ўринбосари мазкур маблағлар хисобидан республика бўйича жами 7130,1 км ичимлик ва 232,9 оқаова сув тармоқлари тортилган. Қолаверса, 859 та ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилиб, реконструкция қилинганини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ “Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотларига таяниб, “Аҳволимиз чатоқ: Ўзбекистоннинг сув захираси аллақачон тугаб бўлган” сарлавҳали видеоматериал эълон қилган эди.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси