Ўзбекистонда Тергов қўмитасини тузиш таклиф этилди
Жамият
−
17 Июль 2019
5416Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатда Тергов қўмитасини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кеча, 16 июль куни “Адолат” социал-демократик партиясининг дастури ва Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров барчани амалий таклифлар билан фаол иштирок этишга чақирди.
Фаоллар томонидан суд тизимини янада такомиллаштириш таклифи билдирилди. Унга кўра, туманлараро судларни фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ягона одил судлов органига бирлаштириб, Олий суд билан бир хил тизимдаги умумюрисдикция судларини яратиш лозим. Шунингдек, мамлакатимизда барча тергов идораларини бирлаштириб, ягона – Ўзбекистон Республикаси Тергов қўмитасини ташкил этиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, суд тизимида инсон омилини иложи борича камайтириш, унинг очиқ ва шаффофлигини таъминламасдан туриб судларни адолат қўрғони сифатида шакллантириб бўлмаслиги қайд этилди.
Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди. Бунда асосий эътиборни барча муассасаларда “ақлли тиббиёт”, “электрон тиббиёт” тизими асосида ишлашга ўтказиш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, партия Сайловолди дастурида давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланиши, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилишига ҳам эътибор қаратилиши таъкидланди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тергов билан шуғулланади. Қуйидагилар терговга қадар текширув ўтказиш ҳуқуқига эга:
- ички ишлар органлари;
- Миллий гвардия органлари;
- Давлат хавфсизлик хизмати органлари;
- ёнғин хавфсизлиги органлари;
- чегарани қўриқлаш органлари;
- давлат божхона хизмати органлари;
- Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятлар билан кураш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари;
- Мажбурий ижро бюроси ва бошқалар.
LiveБарчаси