Ўзбекистонда неча фоиз аҳоли чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланиши айтилди
Жамият
−
16 Март 2023
10630Ўзбекистонда аҳолининг 41 фоизи чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланиши маълум бўлди. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) Ўзбекистонда ҳожатхоналарнинг санитария қоидаларига жавоб бериши ҳақидаги таҳлилини эълон қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизида қўлни совун ва сув билан ювиш учун шароит бўлмаган. Мактабларнинг 83 фоизи тоза ичимлик суви, 78 фоизи эса санитария воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.
ПМТИ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 41 фоизи чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланади, қишлоқларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқорини ташкил этади. Уй хўжаликларининг фақат 16 фоизигина марказлашган оқава тизимига уланган, шаҳарда бу кўрсаткич 27 фоизни, қишлоқ жойларида 2 фоизни ташкил этмоқда.
Аниқланишича, дунё миқёсида 2,5 миллиард киши санитария талабига жавоб бермайдиган ҳожатхонадан фойдаланади. Қишлоқ жойларда санитария талабларига жавоб берувчи ҳожатхоналарни қуриш диарея билан касалланиш ҳолатларини 30-50 фоизга камайтиради.
“Албатта, барча уй хўжаликларини марказлашган оқава тизими билан қамраб олиш кўп вақт ва маблағ талаб этади. Аммо ҳозирги ҳолатда санитария талабларига жавоб бермайдиган чуқур кавламаларни вентиляция қилинадиган ва плиталар билан қопланган ҳолатга келтириш тавсия этилади. Бунда аҳолига биринчи навбатда санитариянинг инсон саломатлиги ва келажакдаги фаровонлиги учун нақадар муҳим эканлигини етказиш зарур”, дейилади ПМТИ баёнотида.