Ўзбекистонда мактаб ўқитувчиларидан коронавирусга оммавий тест олинмоқда
Жамият
−
12 Сентябрь 2020
10516Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари ўқитувчиларидан оммавий равишда COVID-19 га тест олинмоқда. 11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, умумтаълим мактабларида санитария талабларига амал қилиниши бўйича мактаб мутасаддиларига кўмак бериш мақсадида 10 минг нафардан ошиқ тиббиёт ходими бириктирилган.
“Шу йилнинг 14 сентябр кунидан белгиланган санитария талабларига жавоб берган мактабларда маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари қарори билан таълим жараёнлари бошланиши кутилмоқда. Бу жараёнда икки муҳим масалага диққат қилиниши керак. Бир томондан мамлакатдаги 6,2 миллион нафардан ортиқ ўқувчининг саломатлигини сақлаш муҳим бўлса, бошқа томондан уларга таълим берадиган ярим миллион нафарга яқин халқ таълими ходимлари — ўқитувчиларнинг саломатлигини асраш ҳар бир раҳбардан катта масъулият талаб қилади”, дейилади хабарда.
Соғлиқни савқлаш вазирлигининг маълум қилишича, лаборатория таҳлили натижасида касаллик аниқланган ўқитувчилар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати ҳудудларда ташкил этилган мобиль тез тиббий ёрдам гуруҳлари томонидан ўрганилмоқда, касаллик симптомлари аниқланган ўқитувчилар шифохоналарда даволанишга юборилмоқда.
Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда. Бундай ўқитувчилар уй шароиритида даволанишга ўтказилиб, белгиланган даво муолажаларга кўра, уларга бепул коронавирус бокслари (аптечкалар) етказиб берилмоқда.
Шунингдек, бундай ўқитувчилар билан мулоқотда бўлганлар ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан аниқланиб, уларнинг рўйхатлари карантин тадбирларини жорий этиш учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Aҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Ушбу қарорда мамлакатдаги умумтаълим мактаблари директорлари, ўқитувчилари ва бошқа ходимлари жорий йилнинг 1 октябрига қадар гриппга қарши эмланиши назарда тутилган эди. ССВ ўқитувчиларнинг қачондан бошлаб эмланишига аниқлик киритмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь