Коронавируснинг янги тўлқини Ўзбекистонга ҳам кириб келдими?

Саломатлик

image

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини билан боғлиқ ҳолат барқарорлигини айтди. Отабековнинг бу ҳақдаги сўзларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ўз Telegram-каналида эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, COVID-19ʼнинг янги тўлқини дунёни қамраб олаётгани ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга яқин эмас.

“Шу йилнинг март ойида коронавируснинг Хитойда аниқланган NB.1.81 штамми баъзи мамлакатлар бўйлаб тарқалаётгани ҳақида маълумотлар бор, лекин COVID-19'нинг янги тўлқини дунёни қамраб олмоқда, деган хабарлар асоссиз”, деган Нурмат Отабеков.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2024 йилнинг 13 апрелдан коронавирус билан касалланиш бўйича кундалик ахборот бериб боришни тўхтатган. Давлатлар миқёсида ҳам шундай. Масалан, Россиянинг “Роспотребнадзор” ташкилоти 2024 йил 12 майдан кундалик маълумотлар эълон қилиш амалиётини якунлаган.

Аслида, шунинг ўзиёқ сайёрада коронавирус бўйича эпидемиологик вазият барқарор эканлигини англатади. Қолаверса, SARS-CoV-2 нинг NB.1.81 штамми кенг кўламда ёйилаётганига доир маълумотларни ЖССТ расман тасдиқлагани йўқ.

“Сир эмас, дунёда коронавирус бўйича шов-шувли ахборотларни тарқатишдан манфаатдор гуруҳлар бор. Айни кунларда эълон қилинаётган бу каби маълумотларни ҳам шундай изоҳласак, тўғри бўлади. Чунки Ер юзида янги тўлқиннинг кузатилиш эҳтимоли қарийб нолга тенг”, деган Отабеков.

У, шунингдек, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

“Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор. Аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланган. Чунки мазкур касалликни диагностика қилиш, даволаш имкониятига эгамиз. Ўз навбатида, одамларда бу хасталикка нисбатан жамоавий иммунитет вужудга келган. Нафақат Ўзбекистон, бутун Ер куррасида ҳолат шундай”, деган қўмита раисининг ўринбосари.

Унга кўра, Ўзбекистонда COVID-19’га чалинганлар оз миқдорда бўлса ҳам, аниқланиб турибди. Аммо мурожаат қилган беморларнинг фақат иккиламчи сурункали касаллиги бўлганларигина шифохонада даволанмоқда. Қолганлари хасталик енгил кечганлиги сабабли амбулатор шароитда муолажа оляпти.

“Янги вируслар пайдо бўлгани ҳақидаги келсак, мана, ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас”, дейилади расмий ахборотда.

Шунингдек, Отабеков айни ўринда аҳолига Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилгани, тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилишини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой, Сингапур ва Таиланд коронавируснинг янги тўлқинига дуч келгани, бу уч мамлакатда юз минглаб COVID-19 ҳолатлари қайд этилгани ҳамда Таиландда камида 46 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Инфекциянинг энг кўп ҳолатлари Бангкокда қайд этилган ва бунга қисман апрель ойида бўлиб ўтган Сонгкран байрами (Таиланд янги йили) айбдор. Шифокорларнинг фикрига кўра, байрам пайтида сув билан ўйналган ўйинлар вирус тарқалишига сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Коронавирус COVID-19

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг