Ўзбекистонда ис газидан қандай сақланиш ўргатилмоқда. Жойларда эса ҳамон газ йўқ
Бу қизиқ
−
07 Январь 2021
6166Қиш. Ўзбекистон. Ис гази ва ўлимлар. Буларни Янги Ўзбекистон қурилишида ҳам бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмаяпти. Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда электр энергияси ва газ билан боғлиқ муаммолар кун тартибида турибди. Кунлар совуши оқибатида одамлар исинишнинг ҳар турли йўлларини қидирмоқда. Айни шундай вазиятда эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ис газидан сақланиш бўйича тавсиялар билан чиқди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъули Самандар Ҳикматуллаевнинг АОКАда ўтган брифингда маълум қилишича, ис гази — рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма — табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги ёки чала ёниши оқибатида вужудга келади.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
• фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
• ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
• иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
• газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
• ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
• ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
ФВВ масъули ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берди.
“Куз-қиш мавсумида юз бериши мумкин бўлган ёнғин, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз”, дейди ФВВ масъули.
• Ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;
• Электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;
• Иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;
• Иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;
• Газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;
• Газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда, газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;
• Газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;
• Ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;
• Газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.
Аслида ис газидан заҳарланишга фақат газ қувурлари ёки техник ускуналарнинг носозлиги сабаб бўлаётгани йўқ. Ҳақиқий аҳвол бироз бошқачароқ. Яъни одамлар уйини иситиш учун кўмир ёқишга ҳам мажбур бўлади. Оқибатда эса кўмири “угар”и ўлимга олиб келиши мумкин. Бу ҳолат эса ис газидан ўлим сифатида қайд этилади. Ёки яна бир яшириб бўлмайдиган ҳолат мавжуд. Бу ҳам бўлса жойларда ярим тунда “Ҳудудгазтаъминот” томонидан газнинг огоҳлантиришсиз узиб қўйилиши бўлиб, иссиқ хонада пинакка кетган одамлар газ ўчирилганини пайқамайди. Ярим тунда яна газ берилади, аммо у олов бўлиб ёнмагач, хонада газ тўлади. Охир-оқибат ис газидан заҳарланиш кузатилади ёки Қашқадарёдагидек чақнаш бўлиб, портлаш кузатилади. Ўлим ҳолатлари ҳам асосан шундай вазиятда қайд этилади.