Ўзбекистонда “гашиш” сотаётган наркосавдогарлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
13 Ноябрь
3975Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган қарийб 65 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Денов туманида яшовчи 30 ёшли фуқаро ўзининг Cobalt русумли автомашинасида Узун тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилган. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 50 кг 567 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида у гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркосавдогарлардан олгани маълум бўлган.
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда Марғилон шаҳрида яшовчи 52 ёшли фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 4 кг 929 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб келаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан Фарғона шаҳрида қўлга олинган. Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини қайта сотиб, мўмай даромад топишни мақсад қилган.
ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда “Самарқанд–Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган Spark русумли автомашина Бўстон туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, текширилган. Натижада, унда кетаётган Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи 34 ва 29 ёшли 3 нафар шахс ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўш вилояти Қора-суу шаҳрида яшовчи 40 ёшли ушбу давлат фуқаросидан 4 кг 727 гр “гашиш” моддаси олинган. Аниқланишича, улар мазкур гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик шахсдан Ургут туманига келтириб бериш шарти билан сотиб олишган ва уни қолдириб кетилган хуфия жойдан олиб, ортга қайтаётган бўлишган.
Бошқа ҳолатда эса Пахтаобод туманида яшовчи, 1981, 1982, 1991, 1992 йилларда туғилган 4 нафар фуқаро Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлар етказиб берган 4 кг 634 гр “гашиш” моддасини Андижон туманида 53 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Улардан 3 нафари муқаддам судланган шахслар экани аниқланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Тожикистон Республикасидан келтирилган наркотик моддалар савдосига чек қўйилган эди.
LiveБарчаси