3 вилоят ва Тошкент шаҳрида Тожикистондан келтирилган наркотик моддалар аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
09 Ноябрь
3197Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Тожикистон Республикасидан келтирилган наркотик моддалар савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1996 йилда Навоий вилоятида туғилган шахснинг вақтинчалик яшаш манзилидан 1 кг 995 гр “героин” моддаси, 143 гр “Мефедрон” ҳамда 3 литр суюқ “Мефедрон” синтетик наркотик, қадоқлаш воситалари, электрон тарози ва бошқа ускуналар топилган. Шунингдек, мазкур шахс томонидан мижозларга сотиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги хуфия жойларга яшириб кетилган 6 та “закладка”лардан жами 1 кг 296 гр “Мефедрон” ҳам олинган.
Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари қозоғистонлик ва тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан контрабанда йўли билан Ўзбекистонга етказиб берилган.
Бошқа ҳолатда эса “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина Сирдарё вилоятининг “Сирдарё” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсга тегишли 1 кг 641 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида у наркотик моддани Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғуллангани учун судланган фуқародан 10 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланиб, у ҳам ушланган.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида кузатилган ҳолатда эса, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилувчи, 1960 йилда туғилган шахс Тожикистондан келтирилган 901 гр “опий” моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Lacetti русумли автотранспорт воситаси Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, машинанинг орқа ўриндиғи остига Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 265 гр “опий” ва 1 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситалари яшириб қўйилгани аниқланган.
Хоразм вилоятида олиб борилган тезкор тадбирларда Тожикистондан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларининг вилоят ҳудудида сотилишига чек қўйилган. Жумладан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1964 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари сотгани учун 2 маротаба судланган шахс Урганч шаҳрида ушланиб, унинг қўл сумкасида бўлган 989 гр “опий” моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Бошқа ҳолатда эса “Сурхондарё-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган Cоbalt автотранспорт воситаси Тупроққалъа туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи, 1957 йилда туғилган фуқаро ҳамда унинг 1990 йилда туғилган келинидан 993 гр “гашиш” моддаси олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тожикистонлик фуқародан наркотик модданинг ҳар бир килограммини 6500 АҚШ долларига сотиб олиб, Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган шахс қўлга олинганди.
LiveБарчаси