Тожикистондан наркотик модда олиб келиб, сотаётган шахс ушланди
3-саҳифа
−
09 Август
4075Тожикистонлик фуқародан наркотик модданинг ҳар бир килограммини 6500 АҚШ долларига сотиб олиб, Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Damas русумли автомашина “Наманган” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада автотранспорт воситасининг орқа ўриндиғига яшириб қўйилган 9 кг 573 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, мазкур шахснинг яшаш хонадонидан ҳам 2 кг 779 гр “гашиш” ва 1 кг 29 гр “опий” моддалари ҳужжатлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида, ушбу фуқаронинг Фарғона ва Марғилон шаҳарларида истиқомат қилувчи 1987, 1989 ва 2003 йилларда туғилган шериклари ҳам қўлга олинган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тупроққалъа туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Самарқанд-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган, Самарқанд шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Kia русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада автомашинада 2 кг 821 гр “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Аниқланишича, у Тожикистон Республикасида яшовчи фуқародан ҳар бир килограммини 6500 АҚШ долларидан сотиб олган ушбу наркотик моддани Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида истиқомат қилувчи 1990 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда эса кир ювиш воситалари пакетларига қадоқланган 45 кг 898 гр кристалл кукунсимон моддалар мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги аниқланган. Шунингдек, фаол тадбир давомида 1 кг 190 гр “Тропикамид” моддаси ҳам мусодара қилинган.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи 1986 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс 1512 дона “Регапен” ва 300 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1991 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган фуқарога 60 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
“Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан олиб келинган. Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларни қадоқлаб сотган жиноий гуруҳ ушланганди.
LiveБарчаси