Ўзбекистонда 2030 йилгача туризмга 3,1 трлн сўм йўналтирилади

Ўзбекистон

−

visibility525 timer5 дақиқа

image

2030 йилга қадар туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 3,1 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 26 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар ҳамда Бухоро вилоятидаги йирик лойиҳалар юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда Бухоро шаҳрининг тарихий марказини ривожлантириш бўйича мастер-режа, меъморий ёдгорликларни асраб-авайлаш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий маданий ва туризм инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган лойиҳалар кўриб чиқилган.

Хусусан, Арк музей-қўриқхонасида реставрация ишларини амалга ошириш ва музей экспозицияларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, “Қўш мадраса” меъморий ансамблини тиклаш, Бухоро мусиқали драма театрини реконструкция қилиш, Сомонийлар боғини ободонлаштириш бўйича таклифлар тақдимот қилинган.

Жадидлар мероси давлат музейи ва Бухоро давлат санъат музейини ташкил этиш, уларда тарихий муҳит билан уйғунлашган ҳолда замонавий кўргазма майдонларини яратиш режалари ҳақида ахборот берилган.

Бухоронинг тарихий марказида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ягона меъморий услуб асосида тартибга келтириш, пиёдалар учун қулай муҳит яратиш, бу борадаги барча ишларни ЮНЕСКО талабларига мувофиқ амалга ошириш назарда тутилмоқда.

2027 йилда иккинчи Бухоро халқаро биенналесини ўтказиш концепцияси ҳам кўриб чиқилган. Унинг доирасида Сомонийлар боғидан Арк қалъаси ва Пойи Калон мажмуаси орқали Лаби Ҳовуз ансамблигача бўлган тарихий обидалар, кўргазма ва жамоат майдонларини бирлаштирувчи 2,3 километрлик ягона маданий сайр йўналишини шакллантириш кўзда тутилган.

Шунингдек, АҚШ ва Корея Республикаси ташкилотлари билан ҳамкорликда маданий мерос объектларини рақамлаштириш, уларнинг уч ўлчамли моделларини яратиш, археологик ашёларни муҳофаза қилиш ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ахборот берилган.

Тақдимотда мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш борасида эришилган натижалар ва навбатдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинган.

Жорий йилнинг ўн ойида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўп. Туризм хизматлари экспорти 1,5 баробар ошиб, 6,1 миллиард долларга етди. Сайёҳларнинг мамлакатимиздаги ўртача харажатлари 26 фоизга кўпайган.

2030 йилга қадар мамлакатга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 10 миллиард долларга, соҳада банд аҳоли сонини 2 миллион нафарга етказиш ҳамда туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, масъуллар ҳудудларда туризм соҳасида фаолият юритаётган 2 мингдан ортиқ тадбиркор билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганган.

Хусусан, туристик ҳудудларда электр энергияси қувватларининг етишмаслиги, электр ва газ учун олдиндан тўловлар миқдорининг юқорилиги, меҳмонхоналарда валюта айирбошлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани, тоғли жойларда сайёҳларни автобус ва микроавтобусларда ташиш билан боғлиқ масалалар кўтарилган.

Тадбиркорлар томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, кредит олишда кафиллик бериш, ер участкалари учун тўловларни бўлиб-бўлиб амалга ошириш, меҳмонхона бизнеси ва кўнгилочар хизматларни ривожлантиришга қўшимча имтиёзлар жорий этиш бўйича таклифлар билдирилган.

Президент мутасаддилар олдига тадбиркорлар кўтарган ҳар бир масалани чуқур ўрганиб, уларнинг аниқ ечимларини ишлаб чиқиш вазифасини қўйган.

Туристлар оқимининг асосан анъанавий сайёҳлик марказларида жамланаётгани мавжуд инфратузилмага ортиқча юклама тушишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, туризм географиясини кенгайтириш, ҳудудларнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб, янги турмаҳсулотларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Экологик, этнографик, аграр, гастрономик, экстремал, тиббий, ишбилармонлик ва кинотуризм каби истиқболли йўналишларни ривожлантириш, улар учун зарур инфратузилмани яратиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

“Бир маҳалла – бир турмаҳсулот” тамойили асосида маҳалла ва қишлоқларни туристик йўналишларга киритиш, сайёҳларни маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, миллий урф-одатлар, ҳунармандчилик ва пазандалик анъаналари билан яқиндан таништириш орқали аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш назарда тутилмоқда.

Ҳудудларнинг туризм салоҳиятини мастер-режалар асосида ривожлантириш ишлари ҳақида ҳам ахборот берилган. 2026-2027 йилларда жами 34 та мастер-режа ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг 13 таси тайёрланган.

Жумладан, Нурота туманидаги қадимий Кориз сув иншооти негизида очиқ осмон остидаги музей ва дам олиш масканини барпо этиш, Наманганда гулчилик туризмини ривожлантириш, санаторий-курорт ҳудудларини комплекс ободонлаштириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинган.

Тўдакўл туризм-рекреация зонасини ривожлантириш концепцияси кўриб чиқилган. Унда ҳудуднинг табиий ландшафти билан уйғунлашган меҳмонхоналар, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, экотуризм объектлари ҳамда сув бўйида замонавий туристик инфратузилмани барпо этиш кўзда тутилган.

Янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун 5 минг гектар ер майдонини аукцион савдоларига чиқариш, 2030 йилга қадар туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 3,1 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Шунингдек, Туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиб, унга келгуси йилда 100 миллиард сўм ажратиш назарда тутилмоқда.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан сайёҳларни жалб этувчи янги масканларни барпо этиш, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш, кредит фоизларининг бир қисмини компенсация қилиш ва замонавий кўнгилочар хизматларни йўлга қўйишни субсидиялаш таклиф этилган.

Мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, устувор ташқи бозорларда мақсадли маркетинг кампанияларини ўтказиш, етакчи хорижий туроператорлар ва рақамли платформалар билан ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилади.

Бунда халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш ва экскурсия хизматларининг сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилган.

Йирик халқаро анжуман ва форумларни ўтказиш муддатларини режалаштиришда туризм мавсумларини инобатга олиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. Туризм қўмитасига вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур тадбирларни сайёҳлар оқими нисбатан кам бўлган даврларга қайта тақсимлаш топширилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг