Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолаш ўзгаради
Ўзбекистон
−
540 2 дақиқа
Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолашда миқдор кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади. Бу ҳақда бугун, 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолашда миқдор кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади. Бунда ташкил этилган корхоналарнинг барқарор фаолият юритиши, яратилган иш ўринларининг доимийлиги ва тадбиркорлар товар айланмасининг ўсиши асосий мезон бўлади.
Аҳоли даромадларини бевосита оширишга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилган. Жумладан, ҳудудларда умумий қиймати 81 триллион сўмлик мингта лойиҳани амалга ошириш орқали 320 мингта иш ўрни яратиш, маҳаллаларнинг ихтисослашуви асосида кооперацияни ривожлантириш, томорқа ва ижара ерларида юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш режалаштирилган.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар натижасида 2030 йилга қадар микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирикроқ бизнес тоифасига ўтиш суръатларини икки баробар ошириш, ушбу секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини 90 фоизга етказиш, норасмий бандликни янада қисқартириш мақсад қилинган.
Тадбиркорликка ажратилаётган кредитларда кафолат ва кафиллик асосида берилган кредитлар улушини 1 фоиздан 12 фоизга, халқаро молия институтлари маблағлари ва бозордан жалб қилинадиган қарзлар улушини 17 фоиздан 35 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Шулар билан бир қаторда тақдимотда меҳнат бозорида талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, бандлик хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, касбий малакани баҳолаш ва халқаро сертификатлаш тизимини ривожлантириш, расмий иш ўринларини кўпайтиришга устувор эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган.
Меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, иш берувчи ва ходимлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантириш, меҳнат муносабатларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда давлат меҳнат назоратини яхшилаш бўйича таклифларни киритиш топширилган.
Давлат раҳбари мутасаддиларга ташаббусларни янада пухта ишлаб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичида вазирлик-идоралар вазифалари ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берган.
Live
Барчаси