Ўзбекистон ТИВ Фаластин-Исроил можаросидан хавотир билдирди
Жамият
−
09 Октябрь 2023
8143Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин-Исроил можароси ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбон берилишига олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдирди.
ТИВ курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирган.
“Сўнгги воқеалар муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумларида 436 киши, жумладан 91 бола ҳалок бўлган ва 2270 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда 15 нафар фаластинлик Исроил ўқларидан ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 700 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси