Ўзбекистон орқали Афғонистондан қанча одам эвакуация қилингани маълум бўлди

Жамият

image

Ўтган бир неча кун мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижий давлатларнинг 1982 фуқароси эвакуация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.

“Қўшни Афғонистондаги оғир вазият давом этаётгани муносабати билан, хорижий шерикларнинг сўровларига жавобан, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига риоя қилиш руҳида, ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси бир қатор хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда”, дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон томони Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширмоқда.

“Хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда дастлабки тарзда келишилган мамлакатларга жўнатилаётган  ҳам чет эл фуқаролари, ҳам Афғонистон фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш бўйича тартибли ишлар йўлга қўйилган”, дейилади хабарда. 

Қайд этиш керакки, Германия фуқароларини Тошкент орқали эвакуация қилиш икки давлат раҳбарилари томонидан муҳокама қилинган. Ўз навбатида Германия канцлери Ангела Меркель бу учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 август куни Тошкент-3 маҳаллий аэропорти вақтинчалик ёпилди. Кейинроқ бу хорижлик фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилиш билан боғлиқлиги маълум бўлди

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикаси қулади. Президент Ашраф Ғани эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Шу билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.

2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди. Кеча, 19 август куни эса толиблар Афғонистонни Ислом Амирилиги, деб эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг