Меркель Мирзиёев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
Жамият
−
18 Август 2021
8613Бугун, 18 август куни Ўзбекистон Республики Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федерал Канцлери Ангела Меркель билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбатда етакчилар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқди ҳамда Афғонистондаги воқеаларнинг ривожланиши нуқтаи назаридан минтақадаги жорий вазият юзасидан фикр алмашди.
Ушбу мамлакатда кескинлик ва зўравонликнинг авж олишига йўл қўймаслик, шунингдек, афғон можаросини сиёсий йўл билан тартибга солишни халқаро ҳамжамият томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларида икки мамлакатнинг позиция ва ёндашувлари мос экани алоҳида таъкидланди.
Фуқароларни Афғонистондан авиация транспортида Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит йўли билан Германияга эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда яқиндан мувофиқлашувни ва фаол идоралараро ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.
Минтақадаги вазиятнинг янада ривожланиши бўйича олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Қайд этиш керакки, кеча, 17 август куни Шавкат Мирзиёевнинг Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан ҳам телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганди. Унда Германия, Афғонистон ва Европа Иттифоқи фуқароларини Тошкент аэропортидан транзит сифатида фойдаланиш орқали эвакуация қилишни давом эттириш юзасидан келишувга эришилган.
Бугун, 18 август куни эса Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон Германияга Афғонистондаги фуқароларини эвакуация қилишга ёрдам беришини маълум қилди. Бундан аввалроқ, Тошкент маҳаллий аэропорти вақтинчалик ёпилиши ҳақида хабар берилган.
Маълумот ўрнида, кеча, 17 август куни Германия Қуролли Кучлари самолёти Қобулдан юзлаб инсонларни эвакуация қилиб, Тошкентга олиб келди. Улар орасида германияликлар, Европанинг бошқа давлатлари фуқаролари ва афғонлар бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь