Ўзбекистон Қирғизистондан 30-40 йил олдинда – Жапаров
Олам
−
17 Ноябрь 2022
14697Ўзбекистон Қирғизистонни 30-40 йилга ортда қолдирди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари ва “Кампиробод” сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишув кўриб чиқилаётган парламент йиғилишида айтиб ўтди.
Битим муҳокамаси чоғида бир қанча депутатларнинг норозилигига “Кампиробод” сув омбори ҳудудидаги ерларнинг Ўзбекистонга берилиши ҳақидаги банд сабаб бўлди. Ўз навбатида Қирғизистон Президенти депутатларни популизмга берилмасликка чақирди.
“Бақирувчилар сув омбори остидан эмас, бошқа ерларни беришимиз керак, дейишади, лекин ўзбек дўстларимизнинг ақли яхши ишлайди, улар биздан 30-40 йилга ўзиб кетишди. Ҳозирча қўлимиздан келганича қичқиришни эплаяпмиз. Мен вертолёт ва самолётлар ҳақида гапирмаяпман, лекин 30 йил ичида гугурт заводи ҳам қурмаганмиз. [Ўзбекларга] Бошқа ерларни алмашишни таклиф қилсак, улар дарҳол рози бўлишади, чунки улар сув омбори қуриб кетмаслигини, шу вақт давомида бошқа унумдор ерлардан фойдаланишларини, ҳосил олишларини яхши билишади”, дейди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, илк бор "Кампиробод" сув омбори қандай қилиб Ўзбекистонга ўтаётганига аниқлик киритган эди.
Маълумот учун, “Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти. 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь