Кампиробод учун Ўзбекистон қанча ер беряпти?
Жамият
−
15 Ноябрь 2022
16470“Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти.
1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга бориб, чегара борасида келишувни бошлаш тўғрисидаги баённомани имзолаганди.
6 октябрь куни, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзаро чегараларни келишиш давомида расмий Бишкек баҳсли ерларнинг 99 фоизини олганини ва ўз ерларини Ўзбекистонга бермаганини айтиб чиқди.
Буни эшитиб ғазаб отига минган ўзбекистонликларни эса фақат 10 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонга жами 19 минг гектардан ортиқ ер ўтиб, Ўзбекистонга эса Кампиробод сув омбори акваториясидаги 4485 гектар ер берилишини маълум қилгани тинчлантира олди. Яъни, Сув омборининг катта қисми Ўзбекистонга ўтади ва уни икки давлат биргаликда бошқаришига келишиб олинди.
Бироқ, 23 октябрь куни қирғиз биродарларимиз Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб намойиш ўтказишди. Шундан сўнг, намойишга чиққанларнинг 22 нафари ҳибсга олинди.
Бугун, 14 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов илк бор Кампиробод сув омбори қандай қилиб Ўзбекистонга ўтаётганига аниқлик киритди.
Мажлисда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, Бош вазир Абдулла Арипов ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев томонидан имзоланган шартнома масаласи муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ушбу келишув бўйича тушунтириш берди. У гапни чегаралар бўйича ишлаш жараёни осон кечмаётганини айтишдан бошлади.
“Кези келганда шуни айтиш лозимки, қўшни давлатлар билан чегара масаласида музокаралар ўтказиш осон бўлмаяпти. Узоқ тортишувлар ва машаққатли йўллар билан чегарада қадамба-қадам юриб, бир неча бор Ҳукуматлараро комиссиялар йииғилишларини ўтказиб, архив ҳужжатларини ўрганиб, шундан кейиин таклифлар тайёрланяпти”, дейди Арипов.
Бош вазирнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўшни Қирғиз Республикаси билан ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ташаббуси асосида келишилмай қолаётган 35 та участкалар – жами 302 км келишиш жараёни якуний босқичга етказилган.
“Бу келишувга эришиш учун 5 йилдан ошиқ вақт сарф қилдик. Бугун сизларга тақдим қилинаётган қонун лойиҳаси билан тасдиқланаётган шартномага ҳам осонликча эришилгани йўқ. Имзоланган шартномада республикамиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бир қатор муҳим масалалар ўз ечимини топмоқда”, дейди Ҳукумат раиси.
Бош вазир Абдулла Ариповга кўра, Қирғиз Республикаси ҳудудидаги Андижон (Кампиробод) сув омбори республика қишлоқ хўжалиги учун жуда муҳим стратегик объект ҳисобланади.
“Ҳозирда водий вилоятларимиздаги 175 минг гектардан ортиқ ҳамда Қирғиз Республикасининг 25 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонлари ушбу сув омбори орқали суғорилади. Сув омборининг сиғими 1 млрд 576 миллион куб метр. Эгаллаган ҳудуди 4957 гектарни ташкил этади. Биз ушбу сув омборини эгаллаган майдон ўрнига, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Пошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов-ер майдони ажратишни таклиф этяпмиз. Собиқ Иттифоқ даврида 4127 гектар ер майдони Ўзбекистон СССР ҳудудидан сув омбори учун компенсация сифатида берилган”, дейди Бош вазир.
Унга кўра, сув омбори эгаллаган ҳудуд ва тўғонга хизмат кўрсатиш учун яна 19,5 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига ўтказиляпти.Ўз навбатида қўшниларимиз билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш учун сув омборини Қирғизистон фуқаролари айрим мақсадда фойдаланиши учун рухсат бериляпти.
Шу ўринда бир масалани айтиб ўтишимиз керак: сув омборининг линзасини 906 метрдан 900 метргача тушириш масаласида келишдик . Қирғизистон томони кўпроқ тушириш масалани қўйганди, лекин биз келишганимиз бўйича 900 метрда қолди. Шунда 1 млрд 578 миллион куб метр сув сиғимига эга бўлган сув омбори ишлаш режими ташкил этилади”, дейди Арипов.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Кампиробод” бизга осонликча ўтаётгани йўқ. Келажакдаги муаммоларнинг олдини олиш учун биз ҳам қимматли ҳудудларимиздан воз кечишимиз мумкин. Масалан, Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12 минг 709 гектар яйлов-ер майдони Қирғизистонга ўтказиб берилиши мумкин.
Бош вазир Абдулла Ариповнинг қайд этишича, Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон СССРнинг Кампиробод ёки Андижон сув омбори чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти бўлган. Аммо бу бажарилмаган.
“Собиқ Иттифоқ даврида сув омбори қурилган вақтда Ўзбекистон томонидан Кампиробод ёки Андижон сув омбори чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олинган. Лекин, ҳар хил сабаблар билан ушбу канал қурилмай қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмагани боис Қирғизистон томони узоқ йиллар давомида катта миқдордаги – 8 мингдан ошиқ гектар ер майдонларини Бургандар массивида ўзлаштирмай қолган. Бу эса Қирғиз Республикаси иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатганини таъкидлаб келишган.
Канал қурилмагани сабабли ушбу ўзлаштирилмай қолган ер майдонларини компенсация қилиб бериш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган – Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов-ер майдонини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф этиляпти”, дейди Арипов.
Шунингдек, Бош вазирнинг айтишича, бугунги кунда Наманган вилояти Косонсой ва Чуст туманларидаги 27 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда асосий манба бўлиб ҳисобланадиган, сиғими 165 миллион куб метр бўлган Косонсой сув омборидан фойдаланиляпти. Қирғизистон ҳудудида 850 гектар ер майдонида жойлашган ушбу сув омбори тўлиқ Ўзбекистон эҳтиёжлари учун ишлатиб келинаётгани сабабли Қирғизистон томонига Наманган вилоятининг Чуст, Косонсой ва Янги Қўрғон туманлари ҳудудларидан 477 гектар ер майдонини компенсация тартибида ажратиш таклиф этиляпти.
Ариповнинг урғулашича, Чуст туманидан ажратилиши таклиф этилаётган 105 гектар ер майдони Қирғизистон фуқаролари истиқомат қилиб келаётган баҳсли ҳудуд бўлган Қорақўрғон массиви ҳисобланади.
Бундан ташқари, кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан қабул қилинаётган шартномага кўра, Ўзбекистон 4957 гектар майдонни эгаллаган Кампиобод сув омбори эвазига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Пошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов-ер майдони ажратишни таклиф қиляпти.
Қирғиз ва Ўзбекистон фуқароларининг ёқалашишига сабаб бўлган Чашма булоғи бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Ҳукуматлараро Битим тузишга келишиб олинди. Бунда Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш, тозалаш ва бошқа масалалар ечимини назарда тутувчи Ўзбекистон ва Қиирғизистон манфаатларидан келиб чиққан алоҳида Битим имзоланиши кўзда тутилмоқда.
Қолаверса, Арипов икки давлат ўртасида тузилган шартномада Қирғизистон Республикаси “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган ҳеч бир гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, шунингдек, “Ғовасой” дарёси сувининг техник ифлосланишига йул қўймаслик мажбуриятини олиши белгиланганлигини маълум қилди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қабул қилинди. Энди навбат ушбу қонунни Сенатда кўриб чиқишга.
LiveБарчаси