Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланадиган сана айтилди
Жамият
−
16 Март 2021
20026Эртага, 17 март куни Ўзбекистонга Буюк Британияда ишлаб чиқарилаётган коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасининг илк партияси олиб келинади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов QALAMPIR.UZ’да бўлиб ўтган Корона марафони жонли мулоқотида айтиб ўтди.
“Ўзбекистон бутун дунёда ривожланган ва кам ривожланган давлатларда вакциналарнинг тенг тарқатилишини назорат қилиб борувчи COVAX дастури орқали AstraZeneca вакцинасини олиши кутиляпти. 17 март куни ушбу вакцинанинг бир қисми етиб келади. 3-4 куни ичида, Наврўз байрами арафасида эмлаш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга 2020 йилнинг декабрь ойида Россия Федерациясининг Тўғридан-тўғри инветициялар жамғармаси кўмагида мамлакатда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасининг 100 дозаси олиб келинган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан сертификациялаш жараёнлари амалга оширилган. Бугунги кунда бу вакцинани ҳам сотиб олиш бўйича РФ билан музокаралар ўтказиляпти. Тез орада бу вакцинани ҳам олиб келиш режалаштирилган”, дейди Ботир Қурбонов.
Қурбоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда фуқароларни эмлаш учун 3 турдаги вакцина: AstraZeneca, “Спутник V” ва ZF-UZ-VAC 2001 (ZF-2001) вакцинасидан фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Хитойнинг “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd” компанияси ишлаб чиқарилган вакцинанинг ҳаммуаллифи деб тан олинди. Шунингдек, расмий Тошкент ушбу вакцинадан 1 млн доза сотиб олмоқчи.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон аҳолини эмлаш учун қўллашни режалаштирган 3 та вакцинадан фақатгина AstraZeneca Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан фавқулодда фойдаланиш учун тавсия қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь