“Uzbekistan GTL”да исёнга бош бўлганлар жазоланадими?
Жамият
−
24 Октябрь 2020
18820Жорий йилнинг 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида “Uzbekistan GTL” заводи ишчиларини ғалаён кўтаришга ундаганлар жазоланмайди. Ишчлар билан фақатгина суҳбат ўтказилди. Бу ҳақда Энергетика вазирининг ўринбосари Беҳзот Норматов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Uzbekistan GTL”да овқатланиш жойларига электрон кириш тизими ишдан чиққани учун норозиликлар юз берган. Балки унгача ҳам майда муаммолар мавжуд бўлгандир. Булар йиғилиб келиб, ошхонадаги носозликка келганда норозиликка айланиб кетган. “Enter Engineering” компанияси раҳбарияти, Энергетика вазирлиги, маҳаллий ҳокимият тезкор равишда жойига чиқиб, улар билан суҳбатлашди. Ҳамма келишмовчиликлар жойида ҳал қилинди”, дейди Беҳзот Норматов.
Унга кўра, норозилик эрталаб соат 7:30 да бошланган бўлса, бирламчи гуруҳ соат 9:00 да етиб борган. Кечка яқин гуруҳлар ўша ерга етиб бориб, ишчилар билан давра суҳбати ўтказилган ва уларнинг муаммолари эшитилган.
Вазир ўринбосари норозиликлар маош берилмаётгани сабаб юзага келгани ҳақидаги фикрларга ҳам тўхталиб ўтди ва маошда муаммо бўлмагинини маълум қилди.
“Маош бўйича муаммолар кўтарилмаган. “Enter Engineering” берган маълумотга кўра, маошлар ўз вақтида бериб бориляпти. Масалан, сентябрь ойининг маоши октябрь ойининг 15 санасидан охиригача берилган. Ижтимоий тармоқлардаги 3-4 ойлаб маош берилмаган деган фикрлар асосга эга эмас”, дейди Норматов.
У исённи бошлашга ундаганларга қандай чора кўрилиши ҳақидаги саволга жавобан ишчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
“Менда уларга нисбатан молиявий, маъмурий ёки бошқа чоралар кўрилгани ҳақида маълумот йўқ. бундай бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар эътирозлар қонуний, тушунса бўладиган бўлса, уларга нисбатан чора кўрилиши адолатдан бўлмайди”, дея фикр билдирди Норматов.
Шунингдек, ишчиларга берилаётган овқатлар хусусида эътирозлар тасдиғини топган бўлса, бош пудратчи “Enter Engineering” компаниясига тегишли кўрсатмалар берилганини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, ишчиларнинг оммавий норозилиги ва назоратсизлиги ташкилотнинг бош пудратчиси "Enter Engineering, Hyundai Engineering, субпудратчилар ҳамда буюртмачи "Uzbekistan GTL" офисининг вайрон қилинишига сабаб бўлган. Шунингдек, вақтинчали иншоотлар: ошхона, омборхона ва бошқалар ҳам талафот кўрган.
Ҳодисада бир неча киши, жумладан, ошхона, кадрлар бўлими, “Enter Engineering” муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етган. Шунингдек, омборхоналарни ёқиб юборишга уринишлар бўлган. Ёнғин ўчоқлари тезда бартараф этилган.
Ҳодиса жойига етб борган Энергетика вазири Алишер Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев “Ўзбекнефтьгаз” АЖ вакиллари воқеа жойига бориб, норозиликда иштирок этган ишчилар билан учрашган.
LiveБарчаси