Вазирлар исён кўтарган ишчилар билан учрашди. Охир-оқибат ишчилар узр сўради
Жамият
−
22 Октябрь 2020
20986Кеча, 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган Uzbekistan GTL заводининг юзлаб ишчилари иштирокида оммавий тартибсизликлар юзага келгани ҳақида хабар берган эдик.
Энергетика вазири Алишер Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев “Ўзбекнефтьгаз” АЖ вакиллари воқеа жойига бориб, норозиликда иштирок этган ишчилар билан учрашди.
Қайд этилишича, норозилик билдирган ва можарода иштирок этган ишчилар билан очиқ мулоқот ўтказилган. Ишчиларнинг қатор чиқишларида билдирилишича, уларни ташвишга солаётган асосий муаммо қатъий карантин чора-тадбирларининг бекор қилиниши, яъни вахта усулида ишлаш тартиби – объектда 22 кун ишлаш ва 8 кун дам олишга ўтказилишидир. Пандемия пайтида 40-45 кун давомида объектдан чиқмай ишлаш тартиби ўрнатилиб, бу ўз навбатида уларнинг яқинлари билан кўп вақт кўришмаслигига олиб келган. Ишчилар томонидан шунингдек ҳал этилиши керак бўлган муаммолардан яна бири – ошхонадаги узун навбат, сифатли овқатланиш масалалари ҳам кўтарилган.
Учрашувда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев томонидан барча санитария ва эпидемиология чораларига риоя қилган ҳамда ПЗР таҳлилини ўз вақтида топширган ҳолда қатъий карантин чораларининг бекор қилиниши маъқулланган.
Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқлар ва қатор ОАВлардаги муҳокама чоғида урғу берилган ходимларнинг ойлик маоши ўз вақтида тўлаб берилмагани ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқ ва ишчилар томонидан меҳнат шартномасининг бу банди бузилганлиги тасдиқланмаган.
Учрашувда лавозимга тайинлаш ва ишга қабул қилишда шаффофликка амал қилиш, раҳбарият, субпудратчи ва бригадирлар иштирокида вақти-вақти билан муҳим масалаларни муҳокама қилиш зарурлиги қайд этилган. Шу билан бирга 30-40 кишидан иборат ҳар бир бригададан бригадирлар билан бир қаторда компания раҳбарияти билан бўладиган учрашувларда иштирок этиши мумкин бўлган бир нечта жамоатчилик вакилларини танлаб олиш лозимлиги таъкидланган.
Хабарда маълум қилинишич, ишчиларда йиғилиб қолган норозиликларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш учун махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг таркибига Қашқадарё вилояти ҳокимияти, “ENTER Engineering” компанияси касаба уюшмаси, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзбекнефтьгаз” АЖ вакиллари киради. Доимий равишда низоли масалаларни ўрганиш учун 3-4 та шундай ишчи гуруҳи ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Мулоқот чоғида ишчилар бундай кенг муҳокамага сабаб бўлган, объектдаги вазият ва умуман уларнинг ўзларини ҳам салбий томондан намоён қилган нохуш ҳолат учун узр сўраганлари айтилмоқда.
“Бу учрашув туфайли биз илк бор илгари ҳеч кўрмаган лойиҳа ва компания касаба уюшмаси раҳбарлари билан юзма-юз учрашдик”, деган объект ишчилари.
Маълумот ўрнида, Ишчиларнинг оммавий норозилиги ва назоратсизлиги ташкилотнинг бош пудратчиси "Enter Engineering, Hyundai Engineering, субпудратчилар ҳамда буюртмачи "Uzbekistan GTL" офисининг вайрон қилинишига сабаб бўлган. Шунингдек, вақтинчали иншоотлар: ошхона, омборхона ва бошқалар ҳам талафот кўрган.
Ҳодисада бир неча киши, жумладан, ошхона, кадрлар бўлими, “Enter Engineering” муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етган. Шунингдек, омборхоналарни ёқиб юборишга уринишлар бўлган. Ёнғин ўчоқлари тезда бартараф этилган.
Тартибсизликларда тахминан минг нафар ишчи қатнашган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь