Ўзбек-тожик чегарасига ҳужум учун қамалганлар ҳақида маълумот берилди
Жамият
−
20 Июль 2020
19863Аввалроқ, 2019 йилнинг ноябрида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасидаги “Ишқобод” чегара заставасига ҳужум қилганларга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 20 июль куни маълум бўлишича, судланганлар орасида тўрт аёл ва ҳарбийлар бўлган. Жами 9 киши 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда Тожикистон Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён маълум қилди.
“Олий суд қарори билан 20 апрель куни ҳужум қилганлардан 4 ҳарбий, 4 аёл ва бир эркак 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум қилинди”, деган раис ва бошқа маълумот айтолмаслигини очиқлаган.
У ҳарбийлар нима учун айбдор деб топилганини айтмаган ва иш “сирли” муҳри остида кўрилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, “Ишқобод” чегара пунктига 2019 йилнинг 6 ноябрь куни кечаси ҳужум уюштирилганди. Тожикистон ИИВ берган маълумотга кўра, қуролли тўқнашувда икки чегарачи ва милиция ходими ҳалок бўлган. Жангариларнинг 15 нафари ўлдирилиб, 5 нафари қўлга олинган.
Аммо кейинроқ Суғд вилояти ҳокимияти яна 3 нафар чегарачи дафн этилганини маълум қилган.
Тожикистон Бош прокуратурасининг расмий маълумотига кўра, ҳужумда 26 киши ўлдирилган ва 22 нафари қўлга олинган. Террорчилар 5 нафар ҳарбий ва бир нафар милиция ходимини ўлдирган.
Мазкур ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.