“UzAuto Motors” Кушербоевнинг устидан арз қилиб, парламентга хат киритди
Жамият
−
14 Август 2020
22392Учига чиққан сафсатабозлик ва қип-қизил ёлғоннинг ўзгинаси – UzAutoMotors Кушербоевга жавоб қайтарди
“UzAuto Motors” Акциядорлик жамияти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев устида парламентга шикоят қилиб, хат киритди. Бу ҳақда депутат Шуҳрат Шарофутдинов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Жорий йилнинг 10 август куни Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Унда “UzAuto Motors” АЖнинг парламентга йўллаган хати фракция аъзолари томонидан муҳокама этилган.
“Ушбу акционерлик жамиятининг хатида эътироф этилишича, қисқача айтганда, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербоев томонидан ижтимоий тармоқларда, электрон оммавий ахборот воситаларида монопол ташкилотга нисбатан айтиш лозимки, фуқаролар, сайловчилар томонидан билдирилган фирклар ва норозичиликлари асосида келтирилган эътирозлари “UzAuto Motors” акциядорлик жамиятининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар деб баҳоланмоқда ҳамда ўзларининг бир қатор асосларини келтиришмоқда. Тўғриси, бу хатдаги бир неча ҳолатлари мени таажжубга солди”, дейди Шуҳрат Шарофутдинов.
Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев “UzAuto Motors” компаниясидан тез ёрдам учун автомобилларни имтиёз билан сотишини сўраб чиққан эди.
Унинг ортидан компания турли даврларда ажратган хайрия маблағлари ҳақида маълумот бериб, депутатни нопрофессионалликда айблади.
Аммо шу билан Расул Кушербоев ва “UzAuto Motors” компанияси ўртасидаги можаро монополистнинг жавоби билан тўхтаб қолмади. Депутат навбатдаги юришни амалга оширди.
Халқ вакили "UzAuto Motors" ва унинг фаолиятини йўналтириб турувчи “Ўзавтосаноат” АЖ жипслашиб кетганига, монополист компания “Ўзавтосаноат”ни ўзига тегишли тузилма деб ҳисобаётганига ишора қилган.
“Мен “Ўзавтосаноат” ва “UzAuto Motors” бошқа-бошқа ташкилот, деб ҳисоблардим. Бироқ “UzAuto Motors”нинг мендан ранжиб қилган муносабатидан “UzAuto Motors” компанияси Ўзбекистон автомобиль бозоридаги барча иштирокчиларга тенг имконият ва шароитлар яратиб бериши керак бўлган “Ўзавтосаноат”ни ўзига тегишли тузилма, деб ҳисоблаши кўринаяпти. Бу “монополия касаллиги”нинг асорати бўлса керак. Бўлмасам компания “Ўзавтосаноат”ни ишларини ўзига ёпиштириб олишдан сал уялган бўларди. Ё ростанам “Ўзавтосаноат” ва “UzAuto Motors” номи ҳар хил ўзи битта ташкилотми? Тушунарсиз”, деган эди депутат Кушербоев.
Депутат Шуҳрат Шарофутдиновга кўра, “UzAuto Motors”нинг парламентга йўллаган мурожаатномасида эса бир неча тушунарсиз ҳолатлар мавжуд.
“Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 10-моддасига ҳавола қилиниб, халқ томонидан сайланган Қонунчилик палатасининг депутатини “алоҳида шахс”, яъни ваколатли эмаслигига ишора қилиниб, Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга хақли эмас деган талқин келтирилмоқда. Шу ўринда, эслатиб ўтмоқчи эдикки, ушбу моддада келтирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси таркиби қуйи ва юқори палаталардан иборат бўлиб, халқ томонидан сайланган депутатлар ва сенат аъзоларидан (асосан маҳаллий Кенгаш депутатлари ичидан сайланадиган) шакллантирилади ҳамда улар қонун хужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида уларни сайлаган халқ номидан фаолият олиб боришади.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида “…депутат фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли”- деб белгилаб қўйилган. Демак, Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев ўз ваколати доирасидан четга чиқмаган ҳолда иш юритган.
Иккинчидан, депутат ўз чиқишларида “UzAuto Motors” акциядорлик жамиятининг ўз товарларига қонун хужжатларига асосан мустақил равишда нархлар ва тарифларни белгилаш хуқуқига дахл этгани йўқ, аксинча “UzAuto Motors” йиллар давомида айнан монопол ташкилот сифатида, рақобатнинг йўқлиги шароитида ўз ҳисоб-китоблари бўйича товарларига юқори нархлар белгилаб келаётганлигини танқид остига олган ва фуқароларнинг арзу-додларига қулоқ солишни сўраган. Айниқса, пандемия шароитида ҳеч бўлмаганда, “тез ёрдам”га мўлжалланган Дамас русумли автомобилларига арзонроқ нархларни белгилаб, мамлакат учун синовли даврда халқ дардига бакор келишни сўраган.
Энди айтингчи, депутатнинг қайси ҳаракати учун “UzAuto Motors” АЖ томонидан парламентга унинг ҳаракатларини депутатлик одоби қоидаларинининг бузилиши масаласи сифатида кўриб чиқилишини сўраб мурожаат этилмоқда. Бу соҳадаги бор муаммоларни кўрсатиб, ошкора ва очиқ ойдин кўтариб чиқилганлиги учунми ёки депутатлик фаолияти ваколат доирасида сидқидилдан бажарилаётганлиги учунми, ёки кўра била туриб жим турилмаганлиги учунми?
Мен айтишим мумкинки, депутат Расул Кушербоев бу ҳаракатида ёлғиз эмас! Бўлиб ўтган ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида сўз олган барча депутатлар партиянинг монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш борасидаги дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, депутатимиз ҳаракатларини қўллаб-қувватладилар ва соҳани тартибга солиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар”, дейди Шарофутдинов.
ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида соҳадаги муаммоларни ўрганиш ва ечимини кутаётган кўплаб масалаларга жавоб олиш мақсадида тегишли тартибда парламент эшитувини ташаббус этиш бўйича келишиб олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь