Учига чиққан сафсатабозлик ва қип-қизил ёлғоннинг ўзгинаси – UzAutoMotors Кушербоевга жавоб қайтарди
Жамият
−
06 Август 2020
59294Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAutoMotors АЖнинг нарх белгилаши бўйича бошланган текширувларда компания хатти-ҳаракатларида қонунбузилиш аломатлари аниқлангани ҳақида хабар берганди.
UzAutoMotors кўп ўтмай, депутатнинг айтганларига жавоб қайтариб, уни шуҳрат илинжида фактга асосланмаган маълумотларни тарқатишда айблаган.
“Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAutoMotors АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиши юзасидан текшируви доирасида компания ваколатли давлат идораси билан мутлақо шаффофлик асосида ҳамкорлик қилмоқда ва барча зарурий маълумотларни тақдим этмоқда. Афсуски, шахсий шуҳрат илинжидаги айрим шахслар текширув якунини кутмай, унинг тафсилотларини чоп этмоқдалар, текширувчиларнинг алоҳида талқинларини ҳеч тортинмай аниқланган факт ўлароқ кўрсатмоқдалар”, дейилади компания баёнотида.
Компания ўрнатилган тартибга кўра, текширув натижалари бўйича якуний хулоса берилишини эслатиб, депутат Кушербоев популист эканига ишора қилган.
“Либерал-демократик партия аъзосининг бу борадаги фикри ўзгача экан – унинг томонидан нафақат популистик фикр-мулоҳазалар, балки Монополияга қарши курашиш қўмитаси тезисларининг очиқ-ойдин бузилган талқини навбатдаги ахборот порцияси ўлароқ 5 августда ўз шахсий Telegram-каналида оммага эълон қилинди”, дейилади UzAutoMotors хабарида.
Монопол компания ўтказилаётган текширувлар депутатлар сўровига алоқадор эмаслигини, шунчаи тасодиф билан бу икки ҳодиса бир вақтга тўғри келиб қолганини айтган. Шунингдек, Кушербоев Монополияга қарши курашиш қўмитасининг воизи сифатида кўраётганини таъкидлаган.
“Кимдадир депутатлик сўрови UzAutoMotors текшируви учун туртки бўлган, деган фикр уйғониши мумкин. Юмшоқроқ айтадиган бўлсак, бу ҳақиқатга тўғри келмайди: кенг кўламли текширув бораётганига бир неча ой бўлди, лекин 29 июлда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси нархни шакллантириш масаласини чуқурроқ ўрганиш тўғрисида қарор қабул қилган куни депутатлар гуруҳидан сўров келиб тушган. Тасодифми? Шубҳасиз. Шундай эса-да, Расул Кушербаев, на иш ташаббусчиси, на унинг иштирокчиси бўла туриб, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг нотиғи ролини ўзида синаб кўрди – ўзи видеоконференция режимида қатнашган иш юзасидан томонлар ўртасидаги муҳокаманинг тафсилотлари юзасидан шахсий талқинлари билан жамоатчиликни ҳайратга солди. Унинг журналистика факультетининг битирувчиси мақомига чуқур ҳурмат билдирган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг позициясини эълон қилиш қўмита матбуот хизматининг ваколати доирасидаги иш, деб ҳисоблаймиз. Ваҳоланки, матбуот хизмати элементар ахлоқ меъёрларини бузиб, ишчи талқинларни факт ўлароқ тақдим этишни ўзига эп кўрмаган бўларди”, дейди компания. Балки бу орқали депутатнинг бир вақтлар UzAutoMotors “Ўзавтосаноат” вазифасини бажаришга уринаётгани ҳақидаги фикрига жавоб қайтаргандир.
Таъкидланишича, ҳозирда мувофиқлаштирувчи идора экспертлари томонидан жумладан мартдаги нарх ўзгариши параметрларига асос бўлган бутловчи қисмлар нархининг узоқ муддатли прогнозининг аниқлиги масаласи ўрганилмоқда.
“Муҳим жиҳати факт аниқланмаган, балки масала кўриб чиқилмоқда! Аммо, маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчига нисбатан ғижинишга йўғрилган қандайдир нафрат ҳис этувчи қонун ижодкори бу нозик нуқталарга қараб ўтирармиди?”, дейилади хабарда. Аммо одамларда компанияга нисбатан нафрат нима учун шакллангани ҳақида оғиз очилмаган.
Шунингдек, айни вақтда Қўмита мутахассислари, шунингдек, реклама харажатлари ва кредитларга хизмат кўрсатиш сарф-харажатларининг нарх шаклланиши жараёнига киритилишининг асосланганлигини ҳам текширмоқда.
“Бу йўналишда ҳам компания мувофиқлаштирувчи идора билан ҳамкорликда ишламоқда, ўзи ишлаб чиққан ва бир қатор идоралар томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоблар тўғрилигини маъқулламоқда. Шубҳасиз, бу борада охирги хулосани монополияга қарши курашиш идораси айтади”, дея вазиятни тушунтирган монопол субъект.
UzAutoMotors депутатнинг дилерлик салони таъсисчиси ва уларга яратилган имкониятлар ҳақидаги фикрига ҳам раддия берган.
“Кейин Расул Хидралиевич, факт ўлароқ тақдим этилиши мумкин бўлган бошққ салмоқли гумонлар топа олмай, UzAutoMotors`нинг дилерлар билан муносабатларига ўтди – гўёки уларнинг баъзилари бошқаларига тенг бўлмаган шароитда эмишлар.
Депутат, масала моҳиятини тушуниб етмай, лекин “ўзга фикрга ўрин йўқ” қабилида иш кўриб, компания янги дилерлардан 10 млрд сўм миқдорида олдиндан тўловни талаб қилишини, ишлаб турган дилерларга эса бундай талаб йўқ эканлигини даъво қилди. Агар у бевосита компанияга савол билан мурожаат этишни ўзига эп кўрганда эди, компания томонидан ўтказилган объектив таҳлил автосалонлар сонининг ҳаддан ортиқлигини, нисбатан кичик ҳудудларда ўта кўп жойлашганлигини ва кўплаб сотув нуқталарининг самарадорлиги пастлигини билиб олган бўларди. Вазиятни соғломлаштириш учун амалдаги дилерлар билан уларнинг сервис даражасини оширишга қаратилган ўзаро ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди. Айнан шу мантиққа асосан, UzAutoMotors шериклик тармоғига қўшилишни истаган янги номзодларга ҳам мижозларга хизмат кўрсатиш даражаси борасида, ҳам савдо шартлари юзасидан янги талаблар қўйилади. Табиийки, бу истеъмолчи учун якуний нархга мутлақо таъсир кўрсатмайди, аммо, ғазаб отига минган депутат “халқ манфаатларини ҳимоя қилиш”дан четланиб, оммавий тарзда айрим тижорат тузилмалари манфаатларини ҳимоялашга ўтиб кетганлигини пайқамай қолди. Бу ерда нима бирламчи-ю, нима иккиламчи – муҳокама қилиб ўтирмаймиз.
Давоми яна ҳам қизиқроқ. Депутат текширув “UzAutoMotors компаниясининг махсус акциялари орқали автомобилларни муддатли тўлов асосида сотиш фақат компания муассислигидаги “Autosanoat Invest” МЧЖ орқали амалга оширилганлигини кўрсатган. Бошқа дилерлар бевосита бундай акция ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган”ликларини эълон қилди. Бу эса, учига чиққан сафсатабозлик ва қип-қизил ёлғоннинг ўзгинаси: “UzAuto Motors” АЖ “Autosanoat Invest”нинг муассиси эмас ва ҳеч қачон бўлмаган ҳам – бу компания 100% “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли. Бундан ташқари, “UzAuto Motors” амалда ҳеч қандай акция уюштирмайди – у фақат автомобиллар ишлаб чиқаради, уларни кейин дилерлар ўз автосалонларида сотадилар. Дилерлар эса, ўз навбатида, амалдаги қонунчилик доирасида ва ўз фантазияларидан келиб чиқиб, исталган акцияни ўтказишлари мумкин. “Autosanoat Invest” бир қатор ўз акцияларини ўйлаб топди ва ишлаб чиқди, лекин юзга яқин бошқа дилерлик корхоналарининг ҳар бири ҳам худди шундай ҳуқуққа эга. Боз устига, улар бу ҳуқуқларидан фаол фойдаланадилар, ҳатто автомобилларнинг бепул ўйналишига қадар ўз акцияларини ишлаб чиқадилар”, дея депутатга кескин жавоб қайтарган.
Кушербоевнинг компания айбловларни тан олмагани ҳақидаги фикрига жавобан UzAutoMotors қуйидагича муносабат билдирган:
“Ўз “мухбирлик” маҳсулини хулосалар экан, депутат қайғуриб ёзади – “кутилганидек”, автомобиль ишлаб чиқарувчи келтирилган қонунбузарликларни тан олмади ва материаллар ўрганилганидан кейин қўшимча ҳужжатлар тақдим этишини билдирди, шундан сўнг ишни кўриб чиқиш давом этади. Нима ҳам қилардик – биринчидан, бу тизим айнан аргументлар ва контраргументлар асосида ишлайди, иккинчидан, ушбу жараёнда кузатувчи ролини бажарган депутат ниманинг тан олинишини кутганди? UzAutoMotors ўзига мутлақо алоқаси йўқ компаниянинг муассиси эканлигиними? Ёки ўн минглаб мижозлари ўртасида ҳавас қиларли мунтазамликда акциялар ўтказиб келадиган UzAutoMotors дилерларига бундай акциялар уюштириш тақиқланганиними?
Шубҳасиз, UzAutoMotors турли даврлар ва бошқарувга турлича ёндашувларни бошидан ўтказди. Шу билан бирга, камида кейинги икки йилда компания ўз фаолиятини очиқлик ва истеъмолчи билан ҳурмат асосидаги мулоқот асосида қурмоқда. Ўн йиллаб бутунлай бошқача шароитларда ишлангани туфайли тўпланиб қолган камчиликлар ҳақида компания раҳбарияти ҳаммадан яхшироқ хабардор. Ушбу нуқсонлар изчил бартараф этиляпти ва бу жараён халқ эътиборидан четда қолмайди, деб умид қиламиз. Табиийки, компания конструктив танқид учун очиқ, аммо очиқ-ойдин ғаразли ҳужум уюштиришдан олдин яхшироқ тайёргарлик кўриши лозим бўлган одамларнинг қуруқ айбловларига, хусусан уларнинг ҳақоратларига жим қараб турмайди. Агар компания қаердадир ноҳақ бўлса, ўз хатоси устида ишлашга тайёр. Лекин тегишли хулосани биз бунга ваколатли (дарвоқе, депутатлик сўровидан нақ беш ой олдин ушбу масала билан қизиққан) давлат идорасидан олишни кутамиз”.
LiveБарчаси