UzautoMotors`нинг нарх сиёсатида қонунбузилиш аломатлари аниқланди
Жамият
−
05 Август 2020
29849Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzautoMotors АЖга нисбатан текширув ўтказгани, натижада бўйича жамият томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида” Қонунининг тегишли моддаси талаблари бузилиши аломатлари аниқланиб, UzautoMotors АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzautoMotors АЖда Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ўтказилган текширув натижасида қўзғатилган иш UzautoMotors АЖ вакиллари иштирокида видеоконференц режимида кўриб чиқилди. Бу ҳақда депутат расул Кушербоев маълум қилди.
Текшириш жараёнида қуйидаги қонунбузилиш аломатлари аниқланган.
Хусусан, UzautoMotors АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг амалдаги нархларини шакллантиришда айрим харажатларни ошириб киритганлиги сабабли монопол юқори нарх қўлланилиши аломатлари аниқланган. Бунда:
Биринчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда нормаланадиган харажатларни, яъни бутловчи қисм ва материаллар нархини ошириб киритиш;
Иккинчидан, Жамият томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда ўтган йилнинг 9-ойлик ҳисобот кўрсаткичлари инобатга олиш оқибатида нормаланмайдиган харажатларнинг ошиши;
Учинчидан, Жамият томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда реклама харажати ва бошқа харажатлар асоссиз киритилишининг нархга таъсири;
Тўртинчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда кредитга боғлиқ харажатларнинг нотўғри киритилиши каби омиллар нарх юқори шаклланишига сабаб бўлган.
Депутатниниг қўшимча қилишича, компания автомобиллар сотишда айрим дилерларга бошқаларга кўра кўпроқ имконият берган.
“Енгил автомобилларни истеъмолчиларга реализация қилишда айрим дилерларга бошқаларига нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёз ва енгилликларни бериш, янги ташкил этилаётган дилерлар билан шартнома тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни қўйиш каби ҳолатларни содир этиш аломатлари аниқланган. Бу қисқа муддатда сотилган автомобилларнинг аксарият қисми кам сонли айрим дилерлар орқали сотилишига сабаб бўлган. (Шу ери жуда шубҳали ҳаракат)”, дейди Кушербоев.
Шунингдек, UzAutoMotors АЖ янги ташкил этилаётган дилерлик марказлари билан тузиладиган дилерлик шартномасига 10 млрд сўм миқдорида олдиндан тўлов ўтказиш шартини киритган бўлиб, бироқ шу кунга қадар амалда ишлаб турган дилерлик марказлари билан тузилган шартномаларда бундай шартлар мавжуд эмас. Бу ўз ўрнида янги иштирокчиларнинг “бозор”га кириб келишида сунъий тўсиқ пайдо қилган.
Депутатнинг сўзларига кўра, махсус акцияга тушган автомобилларни муддатли тўлов асосида сотишни UzAutoMotors АЖ ўзи таъсисчилигидаги “Autosanoat Invest” МЧЖ орқали амалга ошириш тизимини шакллантирган. Бунда бошқа дилерлар тўғридан-тўғри бу ишни амалга ошира олмай, сунъий тўсиқ қўйилган.
“Бу ҳолатлар атрофлича муҳокама этилди. Ва кутилганидек, “UZAUTO MOTORS” АЖ бу важларни тан олмай қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, иш мазмунига таълуқли материалларни тақдим этишини билдириб ўтди. Шу сабабли ишни кўришни яқин кунларда давом эттиришга қарор қилинди.
Муҳокамада Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бўйича махсус комиссияси қарор қабул қилганидан сўнг натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинди.
Шу сабабли қўмита текширувида аниқлаган рақамлар ва уларнинг таҳлили ҳақида комиссия қароридан сўнг батафсил тўхталиб ўтамиз”, дея сўзини якунлаган депутат.
Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Монополияга қарши курашиш қўмитасига UzautoMotors АЖнинг қонунга риоя қилаётгани юзасидан маълумот бериши талаб қилиб сўров киритгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь