“UzautoMotors” ишчилари иш ташлаяпти. “Ўзавтосаноат” АЖ ҳолатга муносабат билдирди
Жамият
−
06 Март 2021
49899Ижтимоий тармоқларда “UzautoMotors” АЖнинг Асакадаги автомобиль заводи ишчилари иш ташлаш уюштираётгани акс этган видео тарқалди. Унда ишчилар маоши пасайиб кетгани учун норозилик билдирган.
“Ойликлар тушиб кетган. Қийналяпмиз 4-5 ойдан бери. “Ана бўлади, мана бўлади, эртага, индинга”, деяпти. Қачонгача?”, дейди ишчилардан бири.
“20 минг (сўм – таҳр.) ҳам ойлик тўлайдими? Битта мен ишласам оилада. Қандай боқаман, ўйлангларчи? Ўзи оклад 2 млндан ошиқ бўлса, 20 минг ҳам ойлик чиқарадими? Қайси ноинсоф буни ўйлаяпти? Бир ой ишлаганман, Хоразмга қатнаганман. (Ойлиги – таҳр.) 450 сўм чиққанлар ҳам бор. 1000 сўм ҳам эмас. 20 минг “обед”га ҳам етмайди”, дейди бошқа бир ишчи.
Яна бир ишчи, 1 йилу 3 ойдан бери компанияда нотўғри ҳисоб-китоб кетаётганини айтган. Ишчиларга эса нотўғри ҳисоб-китоб қилинган вақтдаги йўқотишларни маошидан тўлаш юклатилган.
“Таксировшикларнинг айтишича, 1 йилу 3 ойдан бери нотўғри ҳисоб-китоб кетаётган экан. 5 ойдан бери унинг сабаби топилган, энди ойликингиздан тўлайсизлар деяпти. Бу бизнинг айбимиз эмас-ку, уларнинг айби. Компьютерда дастурлашда нотўғри ҳисобланган экан. Бу нарсага 1 йилу 3 ой бўлибди, энди топишибди буни”, дейди ишчи.
Унга кўра, 2018 йилгача яхши ишлашган. 2018 йилда Тошкентдан раҳбарлар келди, шундан кейин парокандалик, тушунмовчиликлар давом этяпти.
Мазкур ҳолат юзасидан "Ўзавтосанаот" АЖ расмий муносабат билдирди. Унга кўра, “UzAutomotors” АЖ транспорт ташувлари бошқармаси ҳайдовчилари Д.Раҳмонов, Ж.Султонов ва бошқаларнинг ойлик иш ҳақи тўланиши ҳамда ушланмалардан норози бўлиб қилган видеомурожаати ўрганилган.
Аниқланишича, “UzAutomotors” АЖ компаниясида айни вақтда иш ҳақидан қарздорлик мавжуд эмас. Жорий йилнинг февраль ойи учун иш ҳақи ўтган ойнинг 20 санасида аванс тариқасида, март ойининг 5 санасида тўлиқ тўлаб берилган. Ходимнинг иш ҳақидан унинг ёзма аризасига асосан кредит тўловлари ҳамда суд қарорига асосан мажбурий ундирув амалга оширилган.
"Ушбу мурожаат юзасидан шу куннинг ўзида компания масъул вакиллари ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси ходимлари иштирокида ҳайдовчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, унда “UzAutomotors” АЖ томонидан иш ҳақини тўлиқ ҳисоблаб тўлаб берилганлиги, компания томонидан бирор-бир асоссиз ушланмалар амалга оширилмаганлиги, шунингдек ишчи-ходимларга яратилган ижтимоий ҳимоя пакети яъни, транспортда ишга келиб-кетиши, махсус кийим-бош билан таъминланиши, овқатланиши, тиббий кўриклари учун тўловлар компания ҳисобидан амалга оширилаётганлиги тушунтириб берилган", дейилади компания баёнотида.
LiveБарчаси