Ўт балоси: Анталияда ёнғин аҳоли яшайдиган уйларни вайрон қилди
Олам
−
12:21 414 2 дақиқа
Туркиянинг Анталия вилоятида ўрмон ёнғинлари аҳоли яшаш ҳудудларига ҳам тарқалди. Бу ҳақда Анталия губернатори Ҳулуси Шаҳин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Аксу туманида бошланган ёнғин Караўз ва Ешилкараман маҳаллаларига кириб бориб, уйлар, иссиқхоналар ва ҳайвонлар сақланадиган жойларга хавф туғдирган. Камида 254 та уй аҳолиси хавфсизлик учун эвакуация қилинган.
Губернаторнинг айтишича, Аксу туманининг Ешилкараман маҳалласида жорий йилнинг 7 сентябрь куни кечқурун бошланган ёнғин шамол кучайиши ортидан яна авж олган. Аланга ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан қурилган ҳимоя тўсиқларини бир неча жойдан ёриб ўтиб, маҳаллалар ичкарисига тарқалган.
“Ёнғин Караўз ва Ешилкараман маҳаллаларимиз ичига тарқалиб, у ердаги уйлар, иссиқхоналар ва ҳайвонлар сақланадиган молхоналарни хавф остида қолдирди. Ходимларимиз катта саъй-ҳаракат қилди. Дастлаб зарар кўрган бир нечта уйни ҳисобга олмаганда, қолган уйларни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик”, деган Шаҳин.
Айни пайтда ёнғинни ўчириш ишлари ҳаводан ва қуруқликдан давом эттирилмоқда. Губернатор шамол бироз сусайганини, ҳаво ёруғ пайтда самолёт ва вертолётлар, қоронғи тушгач эса, қуруқликдаги экипажлар орқали кураш давом этишини билдирган.
Кумлужа туманида ҳам кеча, 8 сентябрь куни соат 14:00 атрофида йирик ўрмон ёнғини бошланган. Шаҳиннинг сўзларига кўра, бу ёнғиннинг кучи анча пасайган ва ҳозирда аҳоли яшаш ҳудудларига бевосита хавф туғдирмаяпти.
“10 га яқин уй зарар кўрди, бироқ ҳозир аҳоли яшаш жойларида таҳдид йўқ. Кураш ҳаводан ва қуруқликдан давом этмоқда”, деган губернатор.
Унинг қайд этишича, Кумлужадаги ёнғин жандармерия бўлинмасига ҳам яқинлашган. Кўрилган чоралар натижасида жандармерия биноси ва бошқа иншоотларнинг катта қисми сақлаб қолинган. Бироқ айрим зарарлар етган, бир нечта ҳайвон ҳам нобуд бўлган. Ёнғин тўлиқ ўчирилгач, етказилган зарар миқдори аниқланади.
Шунингдек, Шаҳин Аксудаги ёнғин 24 соатдан ортиқ вақт давом этаётганини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳозир иккала ёнғиннинг ҳам аҳоли яшаш ҳудудларига таҳдиди сезиларли даражада камайган.
Ёнғин хавфи юзага келган ҳудудлардаги уйлар вақтинча эвакуация қилинмоқда. Хавф бартараф этилгач, аҳоли ўз уйларига қайтмоқда. Шунингдек, ёнғин сабабли Анталия – Испарта автомобиль йўли хавфсизлик чораси сифатида транспорт ҳаракати учун ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Анталия ва Адана вилоятларида ўрмон ёнғинлари содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.