Урушнинг учинчи куни: Украинанинг қайси ҳудудлари ишғол қилинди?
Олам
−
26 Февраль 2022
16903Россия Украинага бостириб кириб, Европада уруш оловини ёққанига уч кун бўлди. Икки кунлик ҳисобларга кўра, жангларда ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар берилди. Украина Президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подолякга кўра, Россиянинг бостириб кириши оқибатида ҳозиргача 3500 га яқин рус аскари ҳалок бўлди, 200 нафари асирга олинди.
Қайд этилишича, Россия ҳарбийлари Киев чеккасидаги аэродромни эгаллаб олган ва бу операция давомида Украина томони 200 дан ортиқ одамни йўқотган.
Сўнгги маълумотларга қараганда Россиянинг ҳужуми оқибатида Украинада 198 нафар фуқаро, шу жумладан, 3 нафар бола ҳалок бўлган, 1115 киши, жумладан, 33 нафар бола тан жароҳати олган.
Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони бортида 126 нафар десантчи бўлган ИЛ-76 самолёти Киев вилоятидаги Васильков шаҳри яқинида уриб туширилганини маълум қилди. Шунингдек, бугун, 26 февраль куни ярим тунда Россиянинг бир вертолёти ва Су-25 ҳужумчи самолёти Украинанинг с-300 зенит-ракета мажмуаси томонидан уриб туширилди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги эса, операция бошлангандан бери рус ҳарбийлари Украинанинг 821 та ҳарбий инфратузилма объектларига зарба бериб, 7 та самолёт, 7 вертолёт, 9 та самолётни уриб туширганини билдирди. Шунингдек, 87 та танк ва бошқа зирҳли транспорт воситалари, 28 та ракета тизими, 118 та махсус ҳарбий техника йўқ қилинган.
Бундан ташқари, рус ҳарбийлари кечаси қанотли ракеталар ёрдамида Украинанинг ҳарбий инфратузилмасига ҳужум уюштирган ҳамда Мелитополь шаҳрини эгаллаган.
Бу орада, ижтимоий тармоқларда Россия ҳарбий босқинининг тахминий харитаси ҳам эълон қилинди. Аҳамиятлиси, Россия ҳарбийларининг Украина ҳудуди орқали ўтиш йўллари ҳақидаги хабарлар бир-бирига зид.
Тарқалаётган хабарларга кўра, Украина ҳозиргача Херсон вилоятидаги: Геническ шаҳри ва бутун Геническ тумани; Алёшки ва Янги Каховка шаҳарлари, Каховка геси ва Шимолий Қрим канали ҳамда Днепр дарёсини кечиб ўтиш жойлари; Черкасси вилоятидаги Городише шаҳарчаси ҳамда Луганск вилоятидаги Меловое қишлоғи устидан назорат қўлдан чиққанини тан олган.
Энг баҳсли хабар Чернобиль АЭС ҳудудидан келди. Станцияни ўз назоратига олгани ҳақида гоҳ Россия, гоҳ Украина томони бонг уриб чиқди. Украина мустақил ахборот агентлиги эълон қилган сўнгги видеога кўра, объект россиялик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган.
Бугун, 26 февраль куни тонгдан Украинанинг камида олтита шаҳрида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди ва бу овозлар ҳозиргача янграмоқда.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси