Уруш қурбонсиз бўлмайди! Томонлар нималарни йўқотди?
Олам
−
26 Февраль 2022
19611Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида 3500 га яқин рус аскари ҳалок бўлди, 200 нафари асирга олинди. Бу ҳақда Украина Президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди.
Оммавий ахборот восталарида қайд этилишича, Россия ҳарбийлари Киев чеккасидаги аэродромни эгаллаб олган ва бу операция давомида Украина томони 200 дан ортиқ одамни йўқотган.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украинанинг 6 та жанговар самолёти, 1 та вертолёти, 5 та дрони уриб туширилган. Шунингдек, 67 та танк ва бошқа зирҳли техникалар, 16 та ракета тизими ҳамда 87 та бошқа ҳарбий техника йўқ қилинган.
Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони бортида 126 нафар десантчилар бўлган ИЛ-76 самолёти Василков (Киев вилояти) яқинида уриб туширилганини маълум қилди.
Шунингдек, бугун, 26 февраль куни ярим тунда Россиянинг бир вертолёти ва Су-25 ҳужумчи самолёти Украинанинг С-300 зенит-ракета мажмуаси томонидан уриб туширилди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15