UNESCO ўзбек алломаси таваллудининг 1050 йиллигини нишонлашга бош-қош бўлади

Жамият

image

UNESCO Ижроия Кенгашининг 211-сессиясида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) таваллудининг 1050 йиллиги UNESCO шафелигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимовни таъкидлашича мазкур юбилей санасини ташкилот раҳнамолигида нишонлаш ташаббуси расмий Тошкент томонидан ишлаб чиқилган ва Бош қароргоҳга тақдим этилган номзодлик ҳужжати Эрон Ислом Республикаси, Тожикистон ва Туркия каби давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Шунингдек ушбу қарор жорий йил ноябрь ойида Парижда бўлиб ўтадиган UNESCO Бош анжуманининг 41-сессиясида тасдиқланиши кутилмоқда.

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўрта аср қомусий билимлар донишманди, астрономия, математика, фалсафа, жўғрофия, этнография, антропология, геология, тарих, ботаника, фармакология фанларининг олими ва инсорпарвар шахс бўлган.

Беруний 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг қадимий пойтахти Кат шаҳри (ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний шаҳри) яқинида таваллуд топган. Олим математика ва астрономия каби фанларнинг ривожланишига, шу жумладан, сайёралар жойлашувини ҳисоблаб чиқишни осонлаштириш учун астрономик параметрларнинг назарий ҳосиласи ва жадвал функцияларни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшган.

Беруний 150 га яқин асарни яратиб, ўз давридаги аниқ, табиий ва ижтимоий фанларнинг деярли барча соҳаларига тааллуқли катта илмий мерос қолдирди. Беруний асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва шу кунгача ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган.

Таъкидланишича, турли хил тақвим тизимларини, ҳукмдорлар тарихини, қаҳрамонларни, сиёсий воқеаларни, маданиятни, урф-одатларни ва ахлоқ мавзуларини ўзаро боғлиқлигини ўрганиб чиққан тарихчи сифатида машҳур бўлган Берунийнинг ишлари, шунингдек, турли маданиятларни яхшироқ тушуниш ва умумий интеллектуал ютуқларни баҳолашни шакллантиришга ёрдам беради.

Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Беруний таваллудига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилади. Бундан ташқари, Беруний юбилей санаси Эрон, Тожикистон ва Туркия давлатларида ҳам кенг нишонланиши ҳамда  ҳамколикда тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

UNESCO Абу Райҳон Беруний

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг