Улуғбек Қосимов ҳам лавозимига қайта тасдиқланди
Жамият
−
07 Ноябрь
4113Улуғбек Бердиқобилович Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 7 ноябрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг VII чақириқ биринчи сессияси ўтказилган. Унда вилоят Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонованинг жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Маслаҳатлашувда Президент томонидан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига Улуғбек Қосимов номзоди кўрсатилгани билдирилди. Номзод депутатларга вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболига мўлжалланган ўз дастурини тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддаси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VII чақириқ биринчи сессияси қарори билан Улуғбек Бердиқобилович Қосимов номзоди Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан тасдиқлади.
Шунингдек, сессияда 14-Алпомиш сайлов округидан сайланган депутат Чориев Абдураим Равшанович халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси этиб сайланди.
Бундан ташқари, сессияда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Андижон, Самарқанд, Хоразм, Навоий, Жиззах, Бухоро, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Фарғона вилояти ҳокимлари ҳам лавозимларига тасдиқланганди.
LiveБарчаси