“Улар қарам бўлишимизни хоҳлайди”. Тоҳиржонова Шахмат федерациясидаги ўйинларни очиб ташлади

Спорт

Шахмат бўйича халқаро мураббий Ҳулкар Тоҳиржонова Халқаро тоифадаги ҳакамлик олиш учун имтиҳонни Ўзбекистонда топшириб ўтолмаган. Апелляция аризаси билан қайта мурожаат қиламан деганида Шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиев бунга йўл қўймаган. Спортчи Федерацияда монополия мавжудлиги, ҳужжатларни тубдан янгилаш кераклигини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда у жорий йилнинг 3 февраль куни Туризм ва спорт вазири – Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов билан ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Йиғилишда қатнашган QALAMPIR.UZ журналистининг хабар қилишича, федерация фаолиятидан нафақат Ҳулкар Тохиржонова, балки кўплаб мураббийлар ва ота-оналар ҳам норозилигини билдирган.  

“Халқаро тоифадаги ҳакамликни олиш учун имтиҳонни Ўзбекистонда топшириб, негадир ўта олмаганман. Апелляцияга қайта топшираман деганимда, Шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиев йўл қўймаган. Худди шу имтиҳонни Москвада топшириб, 98 фоиз билан ўтганман. FIDE’га буни маълум қилишга эса Шахмат федерацияси орқали 20 евро тўланади. Жисмоний шахс сифатида юборишнинг эса имкони йўқ. Шу масалада федерацияга мурожаат қилганимда эса 4 марта Ўзбекистон чемпионатида ҳакамлик қилган бўлишим кераклигини айтишди. Ўзбекистонда 4 та халқаро ҳакам бор ва улар ҳам Турдиалиевнинг рухсатисиз турнирда қатнашолмайди. Федерация турнир ўтказишимга рухсат берган тақдирда ҳам чет-элдан ҳакам чақиришимга тўғри келади. Федерация ҳамма йўналишда монополия қилиб олган”, дейди Тоҳиржонова.

У сўзида давом этиб, федерация билан шахматчилар ўртасида кўприк йўқлиги, ҳеч қандай имкониятлар берилмаслиги, федерация ўзимга хон – кўланкам майдон кабилида иш кўришини, муаммоларнинг ечими эса барча ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқишни талаб этишини урғулади.

“Иқтидорли болаларни ажратиш бўйича ҳар бир шахмат мактабларига халқаро рейтинг билан турнир ўтказиш учун рухсат бериш керак. Европада рейтинглар бор, бизда рейтингли турнир ўтказилмайди, чунки рухсат берилмаган. Ўзбекистонда уч хил рейтинг бор: рапид, блиц, класс. Ҳомий топиб турнир ташкил қиламиз, десак ҳам Шахмат федерацияси рухсат бермайди. Федерация ҳамма унга боғлиқ (қарам) бўлишини истайди. Унга тегишли барча ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва муаммоларни ҳал этиш керак.

Мураббий сифатида турнир ўтказиб, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)га жўнатолмаймиз. "Опшот" федерация орқали ўтиши кераклиги белгиланган. Ҳозирги кунда энг катта муаммолардан бири шу. Мураббийлар ҳам турнир ўтказиши учун рухсат берилиши ва федерация билан буни аниқ қилиб ёзиб қўйиш керак. Шу вақтгача федерация билан ҳамкорликни йўлга қўя олмадик. Улар хоҳласа, "хўп" хоҳласа, "йўқ" дейишади”, дейди шахмат бўйича мураббий.

Туризм ва спорт вазири – Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов мураббийлар ва ота-оналар шикоятини эшитиб, ҳозирги кунда янги қарор устида ишланаётгани ҳақида айтди. У федерация ҳисобига 2 млрд сўм  ўтказилгани моддий  ва бошқа муаммолар тез орада ҳал этилишига ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, сўнги вақтларда шахмат федерацияси билан боғлиқ барча муаммолар кўзга кўринди. Худди шу йиғилишда Шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовнинг тренерига ҳамон ота-онаси ўз чўнтагидан пул тўлаши, бунинг учун давлатдан ёки Шахмат федерациясидан пул ажратилмагани маълум бўлганди. Нодирбекнинг отаси Фазлиддин Очилов Фердерациянинг охирги беш йиллик молиявий фаолиятини текшириб, пуллар қаерга ва қандай мақсадда сарфланганини аниқлаб, мақсадсиз сарфланган бўлса, пулни қайта жойига қўйиб қўйишни талаб қилди

Ундан олдин эса, Шахмат бўйича гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШга кетишига Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлганини айтиб чиққанди.

Бундан ташқари Шахмат Федерацияси раиси ўзининг ўринбосарига тегишли МЧЖга Malibu ва 1 миллиард 800 миллиондан ортиқ маблағ “ҳайдалгани” ҳақида айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Азиз Абдуҳакимов Malibu Шахмат Нодирбек

Баҳолаганлар

630

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made