Украинанинг кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиши адолатли – Зеленский
Олам
−
19 Июль 2023
5602Украина ўз тупроғида кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиши адолатли бўлади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 18 июль куни африкалик журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Ҳа, жанг майдонида, ўз тупроғимизда душман бизга қарши кассетали ўқ-дориларни ишлатса, биз ҳам уларга қарши худди шу қуролдан фойдаланамиз. Бу адолатли”, деган Украина раҳбари.
Зеленский Киев Россия Федерацияси томонидан Украинага қарши тўққиз йиллик ҳарбий ҳаракатларидан сўнг, 2023 йилда кассетали ўқ-дорилар олганини таъкидлаган.
Президентнинг сўзларига кўра, Украина тўққиз йил аввал Россияга “аҳолига қарши” кассетали ўқлардан фойдаланишни тақиқлаш учун дунё билан гаплаша бошлаган.
“Тўққиз йил ўтди. Улар бундай қуролларни ишлатди ва ҳали ҳам фойдаланмоқда. Бизга энди кассетали ўқ-дорилар беришди. Украина Россия ҳудудида кассетали ўқ-дориларни қўллагани ҳақидаги далиллар қаерда? Бундай далил йўқ”, деган Зеленский.
Маълумот учун, кассетали ўқ-дорилар турли мақсадлар учун (танкга, пиёдаларга ва бошқаларга қарши) кўп миқдорда портловчи ўқ-дорилар билан юкланган зарядлар бўлиб, улар бомбалар, артиллерия снарядлари ва ракета каллаклари кўринишида кўплаб мамлакатлар армияларида ишлатилади. 2010 йил 1 августда кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенция кучга кирган. Уни 123 давлат имзолаган, шулардан 110 таси ратификация қилинган. Мазкур конвенция билан давлатлар ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда бундай ўқ-дориларни ишлаб чиқармаслик, фойдаланмаслик ва ҳеч кимга бермасликка келишилган. Чунки, бундай қуроллардан фойдаланиш тинч аҳоли учун узоқ муддатли хавф туғдиради. Бироқ АҚШ, Россия, Украина каби давлатлар бу конвенцияни имзоламаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар Украинага кассетали ўқ-дориларни етказиб беришга қарор қилганини айтганди. Шунингдек, у Киев Вашингтонга тинч аҳолига минимал таҳдид билан Америка кассетали ўқ-дориларини қўллаш бўйича ёзма кафолатлар берганини маълум қилган. Бироқ Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШнинг бу қарорига қарши чиқди.
Бунга қарамасдан, АҚШ Президенти Жо Байден 8 июль куни кассетали снарядларни етказиб бериш қарорини Украинада ўқ-дорилар тугаб бораётгани ва Қўшма Штатларда уларнинг захиралари тезда тўлдириш учун етарли эмаслиги билан изоҳлади. 14 июлда АҚШ Мудофаа вазирлиги эса Украина аллақачон Вашингтондан кассетали ўқ-дорилар олганини тасдиқлади. Бунга жавобан Президент Владимир Путин Россия кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтди.
LiveБарчаси