АҚШ билганидан қолмай Украинага кассетали ўқ-дориларни етказиб берди
Олам
−
14 Июль 2023
10069АҚШ Мудофаа вазирлиги Украина аллақачон Вашингтондан кассетали ўқ-дорилар олганини тасдиқлади. Бу ҳақда Пентагон сайтида маълум қилинди.
Бирлашган штабнинг операциялар бўйича директори Дуглас Симснинг сўзларига кўра, бундай қуроллар Киевга нафақат Қўшма Штатлар томонидан юборилган, балки учинчи давлат томонидан ҳам берилган. Аммо у айнан қайси давлат эканини айтмаган.
Шунингдек, Украина Қуролли Кучларининг қўмондони генерал Александр Тарнавский ҳам кассетали ўқ-дорилар аллақачон Украинадалигини тасдиқлаган.
“Биз уларни ҳозиргина олдик, ҳали фойдаланмадик, аммо улар жанг майдонидаги вазиятни тубдан ўзгартириши мумкин”, дейди ҳарбий.
Тарнавскийнинг сўзларига кўра, кассетали ўқ-дорилар туфайли Украина афзаллик олади, чунки бу жуда кучли қурол.
Ушбу ўқ-дорилар қаерда қўлланилиши юқори раҳбарият томонидан ҳал қилинади. Генерал армия уларни фронтнинг барча тармоқларида ишлатмаслигини, масалан, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда фойдаланмаслигини айтган.
Маълумот ўрнида, кассетали ўқ-дорилар турли мақсадлар учун (танкга, пиёдаларга ва бошқаларга қарши) кўп миқдорда портловчи ўқ-дорилар билан юкланган зарядлар бўлиб, улар бомбалар, артиллерия снарядлари ва ракета каллаклари кўринишида кўплаб мамлакатлар армияларида ишлатилади. 2010 йил 1 августда кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенция кучга кирган, уни 123 давлат имзолаган, шулардан 110 таси ратификация қилган. Мазкур конвенция билан давлатлар ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда бундай ўқ-дориларни ишлаб чиқармаслик, фойдаланмаслик ва ҳеч кимга бермасликка ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар Украинага кассетали ўқ-дориларни ўтказишга қарор қилганини маълум қилганди. Шунингдек, у Киев Вашингтонга тинч аҳолига минимал таҳдид билан Америка кассетали ўқ-дориларини қўллаш бўйича ёзма кафолатлар берганини таъкидлаган. Бироқ Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШнинг бу қарорига қарши чиқди.
Шу билан бирга, АҚШ Президенти Жо Байден 8 июль куни кассетали снарядларни етказиб бериш қарорини Украинада ўқ-дорилар тугаб бораётгани ва Қўшма Штатларда уларнинг заҳиралари тезда тўлдириш учун етарли эмаслиги билан изоҳлаган.
LiveБарчаси