Украинани ташлаб қочганларнинг асосий қисми қаерга жойлашгани айтилди

Олам

image

Россия Украианага қуролли босқин бошланган 24 февралдан 5 майгача 5 миллион 707 минг 967 нафар қочқин Украинанинг қўшни давлатлар билан чегарасини кесиб ўтган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси маълум қилди. 

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, 24 февралдан бери мамлакатни тарк этган Украина фуқароларининг ярмидан кўпи Польшада қолмоқда. 

Шундай қилиб, 3 119 196 нафар қочоқ Польша, 854 292 нафари Руминия, 714 713 нафари Россия, 545 311 нафари Венгрия, 450 797 нафари Молдова, 388 282 нафари Словакия, 25 852 нафари Беларусь чегараларини кесиб ўтган. 

Бу рақамларга қўшимча равишда БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги 2022 йилнинг 18-23 февраль кунлари орасида Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидан 105 минг киши Россияга қочганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Украианага босқин бошлангунга қадар дунё бўйлаб қочқинлар сони 85 миллионни ташкил этаётган эди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг