Украинага қўшин киритган Россия қанча қурбон берди?

Олам

image
0:00
0:00
download

Украинада уруш бошланганидан бери Россия қўшинларидан 5840 нафарини йўқотди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди. 

Украина томони маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Россия Қуролли кучларининг 30 та самолёт ва 31 та вертолёти, шунингдек, 9 та ҳаво мудофаа тизими, 40 та ракета тизими ва юзлаб ҳарбий техникаси уриб туширилган. 

Таъкидланишича, йўқотишларни ҳисоблаш жанговар ҳаракатларнинг юқори интенсивлиги билан мураккаблашмоқда.

Украинанинг йўқотишлари

Украинада махсус ҳарбий операция бошлангандан бери Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Украина Қуролли Кучлари ҳарбий инфратузилмасининг 1502 та объектини ишдан чиқарган.  

Ҳаммаси бўлиб, операция давомида Украина ҳарбий инфратузилмасининг 1502 объекти яроқсиз ҳолга келтирилди. Улар орасида Украина қуролли кучларининг 51 та қўмондонлик пункти ва алоқа марказлари, 38 та С-300 ҳаво мудофааси ракета тизимлари, “Бук М-1” ва “Оса” зенит-ракета комплекслари, 51 та радар станциялари бор.

Унга кўра, ердаги 47 та самолёт ва ҳавода 11 та самолёт, 472 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 62 та реактив ракета тизими, 206 та дала артиллерия ва миномётлари, 336 та махсус ҳарбий техника, 46 та учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг