Украинадаги уруш 9 майгача якунланадими? Лавров жавоб берди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Al Arabiya” телеканалига берган интервьюсида Украинадаги уруш қачон тугаши ҳақида саволга жавоб берди. Журналист ҳарбий ҳаракатларни 9 май – Ғалаба кунигача тўхтатиш имкониятига қизиққан.

“У (уруш – таҳр.) мен сизга тушунтирган мақсадлар амалга оширилгандан кейин якунланади”, деган Лавров.

Шу билан бирга, вазир Россия ҳудудидаги объектларга ҳужумлар билан боғлиқ ҳодисалар нуқтаи назаридан операция мақсадларига эришиш муҳимлигини таъкидлаган.

Тинчлик музокаралари ҳақида гапирган Лавров жараён Киев расмийларининг номутаносиб позицияси туфайли тўхтаб қолганини айтган.

“Агар улар ҳалол музокарачи бўлганида, агар улар қадам ба қадам рози бўлган нарсаларига содиқ бўлганида, биз бу музокараларда сезиларли ютуқларга эришишимиз мумкин эди”, деган вазир.

Унга кўра, Украина БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари, Германия ва Туркияни ўз ичига олган бир гуруҳ давлатлардан хавфсизлик кафолатини олиши мумкин эди.

Қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда Ғарб матбуоти Россия 9 майда Украинадаги урушда қандайдир ютуқларларга эришганини айтиб, мақсадлар бажарилганини эълон қилиши ҳақида бот-бот ёзмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг