Украинада уруш қурбонлари 4 мингга яқинлашди – БМТ

Олам

image

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг кеча, 19 май куни эълон қилган ҳисоботига кўра, жорий йилнинг 24 февралидан бери Россия ҳарбийларининг Украина бостириб кириши оқибатида 3811 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 4278 нафари яраланган.

Ўлганлар сони орасида – 1429 нафар эркак, 937 нафар аёл, 87 нафар қиз, 98 нафар ўғил болалар. Қурбонлар орасидан 70 бола ва 1190 катталарнинг жинси аниқланмаган. Ярадорлар орасида 774 эркак, 528 аёл, 103 қиз, 115 ўғил бола бор. Шу билан бирга 164 бола ва 2594 вояга етганларнинг жинси ҳали номаълум.

“Донецк ва Луганск вилоятларида жабрланганлар сони 4422 нафарга етган (2099 нафари ўлдирилган ва 2323 нафари яраланган). Ҳукумат назорати остида бўлган ҳудудларда жабрланган сони 3794 нафардир (1973 ҳалок бўлган ва 1821 яраланган). Россия Қуролли Кучлари томонидан назорат қилинадиган ҳудудда 628 нафар жабрланувчи бор (126 нафари ўлдирилган ва 502 нафари яраланган)”, дейилади ҳисоботда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, ўлим ва жароҳатлар асосан катта майдонга таъсир қилувчи қирғин қуролларидан фойдаланиш, шу жумладан, оғир артиллерия ва кўплаб ракета ҳужумлари ҳамда ҳаво зарбалари билан боғлиқ.  БМТ ҳалок бўлган ва қурбонларнинг ҳақиқий сони анча юқори деб ҳисоблаяпти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг