Украина ЕИга аъзо бўлади – Урсула фон дер Ляйен
Олам
−
28 Февраль 2022
11628Украина Европа Иттифоқига қўшилиши керак. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен “Euronews” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Мухбирнинг Европа бўйлаб ўн минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, Украинани Европа Иттифоқига қабул қилинишини талаб қилиб, уни қўллаб-қувватлашини билдирганига ЕИ қандай муносабат билдираётгани ҳақидаги саволига фон дер Ляйен шундай деди:
“Украина бизнинг тўлиқ бирдамлигимизни истайди ва у буни кўради. Украина аллақачон баъзи жараёнларга киритилган, масалан, Украина бозорининг ягона бозорга интеграциялашуви. Бошқа соҳаларда, масалан, энергетикада ҳам яқин ҳамкорлик қиламиз. Вақт ўтиши билан Украина бизга қўшилади. Бу мамлакат бизнинг оиламизнинг бир қисми, биздан бири ва биз уни Европа Иттифоқида кўришни хоҳлаймиз”.
Владимир Зеленский бугун ҳам фон дер Ляйен билан суҳбат чоғида Киевнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истиқболларини муҳокама қилган.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича вакили Хосеп Боррель Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россия агрессиясига қарши курашиш учун Украинага жанговар самолётлар беришини маълум қилганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси